ASTANA. Kazinform – 12-13 октябр кунлари Астанада бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида 50 га яқин делегация иштирок этади. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Айбек Смадияров маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
«Жорий ҳафтада Қозоғистон пойтахтида бир қатор юқори ва олий даражадаги халқаро тадбирлар бўлиб ўтади. 12-13 октябр кунлари бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг олтинчи саммитида 11 давлат раҳбари иштирок этади. Яъни Озарбайжон, Ироқ, Эрон, Қатар, Қирғизистон, Россия, Фаластин, Тожикистон, Туркия ва Ўзбекистон раҳбарлари келади. Бир мамлакат раиси ўринбосари, вице-президент ва 5 нафар вазир иштирок этиши кутилмоқда»
, — деди Айбек Смадияров.
Шу билан бирга, Беларусь президенти ҳам ОҲИЧКда кузатувчи давлат сифатида саммитда иштирок этади.
«Олий даражадаги учрашув Қозоғистон раислигида ОҲИЧК ташаббусининг 30 йиллиги муносабати билан бўлиб ўтади. Тадбирга аъзо давлатлар, кузатувчи давлатлар ва ташкилотларнинг биринчи раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар, шунингдек, Қозоғистон томонининг меҳмонлари таклиф этилди. 50 га яқин делегация келиши кутилмоқда. Айтиш мумкинки, Осиё кенгаши саммити пандемиядан кейинги даврда нафақат Қозоғистон, балки бутун қитъада ўтказиладиган энг йирик сиёсий тадбирлардан бирига айланади. Бўлажак саммит Қозоғистон раислигининг асосий тадбири бўлиб, унда биз раис сифатидаги икки йиллик фаолиятимизни сарҳисоб қиламиз»
, — деди расмий вакил.
Саммит давомида бир қатор ҳужжатлар ва қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган.
Тадбирга тайёргарлик доирасида жорий йилнинг 10-11 октябр кунлари Астана шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиё Кенгаши катта мансабдор шахслар қўмитасининг йиғилишини ўтказиш ҳам режалаштирилган.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи