ASTANA. Kazinform – Астанада бўлиб ўтган Қозоғистон-Чехия бизнес-форуми якунлари бўйича Skoda Transportation, EGAP экспорт суғурта агентлиги, Чехия экспорт банки ва Тransco билан умумий қиймати 230 миллион евро бўлган меморандум ва бошқа ҳужжатлар имзоланди, дея хабар беради Kazinform ҚР Бош вазири матбуот хизматига таяниб.
Тадбирда икки мамлакат ҳукумат раҳбарлари Алихан Смаилов ва Петр Фиала, давлат сектори вакиллари, миллий компаниялар ва ишбилармон доиралар вакиллари иштирок этди. Бизнес-форум доирасида ялпи мажлис бўлиб ўтди ва В2В форматида икки томонлама учрашувлар ўтказилди.
Алихан Смаилов ўз нутқида ҳозирда республикада 200 га яқин қозоқ-чехия қўшма корхонаси фаолият юритаётганини таъкидлади.
«Чехия бизнесининг Қозоғистонда қўшма лойиҳаларни йўлга қўйишга қизиқиши ортиб бораётгани мамлакатимизда сармоявий муҳитни яхшилашга катта эътибор қаратилаётганидан далолатдир. Бизда илғор инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун барча зарур шарт-шароит мавжуд», – деди Алихан Смаилов.
Унинг эслатишича, Қозоғистон Марказий Осиёда сармоя жалб этиш бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Шундай қилиб, мустақиллик йилларида республикага 410 миллиард доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этишга эришилди.
«Бизнинг стратегик мақсадимиз – 2029 йилгача яна 150 миллиард доллар жалб этиш. Мамлакатимизда инвесторларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш бўйича турли чора-тадбирлар кўрилмоқда – солиқ имтиёзлари, божхона тўловларидан озод қилиш ва ҳоказо. Иқтисодиётнинг устувор тармоқлари учун алоҳида иқтисодий ва саноат зоналари мавжуд. Уларнинг иштирокчилари барча зарур инфратузилма ва имтиёзлар тўпламига эга бўлмоқда», – деди ҚР Бош вазири.
Ҳукумат раҳбари инвестицияларни жалб этишнинг муҳим платформасига айланган, тегишли молиявий воситалар ва хизматларнинг тўлиқ тўпламига эга бўлган Астана Халқаро молия маркази фаолиятини алоҳида қайд этди. Марказнинг аллақачон 73 давлатдан 1 800 дан ортиқ компанияни рўйхатдан ўтказгани унинг муваффақиятли фаолиятидан далолатдир.
Алихан Смаилов ўз сўзи якунида Астана шаҳрида бўлиб ўтаётган бизнес-форум Қозоғистон ва Чехия ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш йўлидаги самарали қадам эканини таъкидлади.
«Форумимиз доирасида умумий қиймати 230 миллион евро бўлган қатор ҳужжатлар имзоланган бўлиб, улар асосида турли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Биз чехиялик ҳамкорлар билан сармоявий ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга тайёрмиз ва ниятимиз бор», – дея хулоса қилди ҚР Бош вазири.
Фото: primeminister.kz