БМТ Турон йўлбарси популяциясини тиклаш устида иш олиб боради
4 Март 11:11

БМТ Турон йўлбарси популяциясини тиклаш устида иш олиб боради

NUR-SULTAN. Кazinform - Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлиги БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда Или-Балхаш экотизимларини тиклаш лойиҳасини ишга туширди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастурининг Алоқа бюроси маълум қилди.

Ўн йилликка (2021-2030-йиллар) мўлжалланган дастур Турон йўлбарси тарихий масканида экологик вазиятни яхшилаш орқали ноёб ҳайвонлар учун табиий муҳит яратишга қаратилган.

«Ушбу ташаббус БМТ Тараққиёт дастури ва Қозоғистон Ҳукумати ўртасидаги узоқ муддатли ҳамкорлик доирасида амалга оширилмоқда. Лойиҳага мувофиқ, Или дарёси дельтасининг пасттекисликдаги ўрмонларини тиклаш ва Или-Балхаш давлат қўриқхонаси ҳудудида Турон йўлбарсини реинтродуксия қилиш учун доимий емиш захирасини шакллантириш режалаштирилган. Минтақанинг ўзига хос табиати ва биологик хилма-хиллигини асраб-авайлаш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада аҳоли ўртасида кенг тарғибот ишларини олиб бориш, маҳаллий ташаббусларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги доимий вакили Якуп Беришнинг сўзларига кўра, ноёб экотизимлар ва биохилма-хиллик, ўсимлик ҳамда ҳайвонот дунёсининг тикланиши минтақанинг ижтимоий-иқтисодий барқарорлигига хизмат қилади.

«Қозоғистон биологик хилма-хилликни сақлашга катта эътибор беради. Бунинг доирасида турли мақсадли дастурлар ишга туширилди. Биз танлаган «яшил иқтисодиёт»га ўтиш концепцияси самарали бошқарув ва барқарор ривожланиш тамойилларига ҳамоҳангдир», — деди Экология, геология ва табиий ресурслар вазирлигининг Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитаси раиси Нурлан Қилишбаев.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив