Чимкент заводида нефт қазиб олиш ҳажми икки баробар ортади

Автор:  
Ляззат Сейданова
13 Февраль, 11:11

Чимкент заводида нефт қазиб олиш ҳажми икки баробар ортади

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон аста-секин ёқилғи-мойлаш материаллари нархини бозор усулида белгилаш тизимига ўтиши мумкин. Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Сенат депутатлари саволига берган жавобида шундай маълумот берди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Умуман нефтни қайта ишлашнинг иқтисодий жозибадорлигини таъминлаш ва нефт маҳсулотлари танқислиги муаммосини тизимли ҳал этиш мақсадида ёқилғи-мойлаш материалларининг бозор нархига ўтиш режалаштирилган. Узоқ муддатли истиқболда ички бозорда ўсиб бораётган истеъмолни таъминлаш мақсадида йирик нефтни қайта ишлаш заводларининг нефт маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш режалаштирилган. Чимкент нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш қувватини 9-12 миллион тоннагача кенгайтириш режалаштирилган (ҳозирги қуввати 6 миллион тонна)», - деб ёзади Ҳукумат раҳбари.

Алихан Смаиловнинг маълум қилишича, мазкур лойиҳанинг дастлабки техник-иқтисодий таҳлили якунланиш босқичида.

«Лойиҳанинг амалга оширилиши 2029 йилгача кутилмоқда. Шунингдек, Павлодар нефт-кимё заводида суюлтирилган углеводород газини парафинсизлантириш ва тозалаш блокини бирлаштирган ҳолда гидротозалаш станциясини реконструкция қилиш лойиҳалари амалга оширилмоқда. Бу, ўз навбатида, 2025 йилдан бошлаб нефтни қайта ишлаш қувватини йилига 600 минг тоннага (5,5 миллион тоннадан 6,1 миллион тоннага) ошириш имконини беради», - дейилади жавобда.

Муаллиф: Есимжан Нақтибай