ASTANA. Кazinform – Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғлига Қозоғистон раҳбарияти ва қозоқ халқи номидан мамлакатдаги зилзила қурбонларига ҳамдардлик билдирилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
Қозоғистоннинг Туркиядаги Элчиси Еркебулан Сапиев ва Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Ибрагим Кулшимбаев Туркия Ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли ва бутун турк халқига ҳамдардлик билдирди.
Томонлар ўртасидаги суҳбатда Қозоғистоннинг табиий офат содир бўлган биринчи кундан бошлаб Туркияга ҳар томонлама ёрдам кўрсатаётгани айтилди.
Қозоғистонлик қутқарувчилар ва дипломатлар кечаю кундуз ишламоқда.
Табиий офат содир бўлган ҳудудга инсонпарварлик ёрдами ва бошқа зарур нарсалар ўз вақтида етказилмоқда.
Ўз навбатида Туркия вазири оғир кунларда кўрсатган ёрдами учун қардош қозоқ халқига Туркиянинг барча фуқаролари номидан миннатдорлик билдирди.
«Икки давлат ўртасидаги муносабатлар ҳақиқатан ҳам биродарликка асосланган. Биз уни мана шу оғир дамда кўряпмиз», деди Мевлют Чавшўғли.
Учрашув Газиантеп аэропортида бўлиб ўтди. Айнан шу аэропортга Қозоғистондан инсонпарварлик юклари ортилган махсус самолёт келиб қўнди.
Гуманитар юк бугун тонгда Давлат раҳбарининг фармойиши билан Туркияга жўнатилди.
Гуманитар ёрдамнинг умумий миқдори 55 тоннани ташкил этади.
Қозоғистондан етказилган гуманитар юк биринчи навбатда зарур бўлгани учун аэропортдан дарҳол Қаҳраманмарашга жўнатилди.
Бу минтақадаги одамлар уйсиз ва ёрдамга муҳтож.
Юкда ҳалокатли зилзиладан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатиш учун чодирлар, иситгичлар, иссиқ кийим ва бошқа зарур буюмлар бор.
Муаллиф: Ақжигит Чукубаев