Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятини ўзгартириш зарур – ҚР Бош вазири
21 Июнь 17:30

Евроосиё иқтисодий иттифоқи фаолиятини ўзгартириш зарур – ҚР Бош вазири

NUR-SULTAN. Kazinform – 21 июн, сешанба куни Минскда бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилишида Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов нутқ сўзлади.

Тадбирда Арманистон, Беларусь, Қирғизистон ва Россия Бош вазирлари иштирок этди, дея хабар беради Кazinform Ҳукумат матбуот хизматига таяниб.

Алихан Смаилов ўз нутқида бугунги кунда жаҳон савдосида жиддий ўзгаришлар рўй бераётганини таъкидлади.

«Тангликнинг кучайиши, пандемия инқирозлари, глобал савдо ва логистика алоқаларининг узилиши, гиперинфляция мамлакатларимиздаги ишлаб чиқарувчиларга ҳам, хизмат кўрсатувчи провайдерларга ҳам салбий таъсир кўрсатди. Ўзига хос жиҳати шундаки, инқироз юки барча кичик, ўрта ва йирик бизнес субъектлари зиммасига тушади», — деди Бош вазир.


Қозоғистон Бош вазирининг сўзларига кўра, ҳозирги мураккаб вазиятда минтақавий бирлашмалар муаммоларни ҳал этишда етакчи рол ўйнайди.

У янги транспорт артерияларини яратиш ва ривожлантириш орқали Европа ва Осиёдан ЕОИИ мамлакатларига ҳамда уларнинг ҳудудлари орқали юк ташиш вақтини қисқартириш ва енгиллаштириш муҳимлигини таъкидлади.


«Янги вазият» Евроосиё иқтисодий иттифоқини ўзгартиришни тақозо этмоқда», — деди Алихан Смаилов бу борадаги устувор йўналишларни қайд этиб.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, ЕОИИ минтақаси бизнесни ривожлантириш учун катта имкониятларга эга, бироқ бунга кўпинча шартномавий базанинг номукаммаллиги ва мамлакат протекционизми тўсқинлик қилмоқда.

«Иқтисодий бирлашманинг муваффақияти унинг барча аъзоларининг ҳаракатларига боғлиқ. Маълумки, ҳар қандай тўсиқлар муаммони келтириб чиқариши мумкин. Иқтисодий ўсиш ва фуқароларимиз фаровонлигининг муҳим шарти бўлган эркин бозорни таъминлаш учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришимиз керак», — деди Бош вазир.


Бутловчи қисмлар, хомашё ва тайёр маҳсулотлар етказиб беришдаги кечикишлар ҳам саноат кооперациясининг етарли даражада эмаслигини кўрсатди.

«Бизга деярли барча соҳаларда – машинасозлик ва юқори технологиялардан тортиб озиқ-овқат ва тиббиёт маҳсулотларигача бўлган аниқ ҳамкорлик лойиҳалари керак. Инновацион ва рақобатбардош маҳсулотлар яратиш бўйича аниқ лойиҳаларга эътибор қаратишни таклиф қиламан», — деди Алихан Смаилов.

Бош вазир, шунингдек, Қозоғистон бизнеси учун энг муҳим масалалардан бири ЕОИИ бўйлаб тўсиқсиз транзитни таъминлаш эканлигини таъкидлади.

Шу муносабат билан у ҳамкасбларини тезлаштирилган ва соддалаштирилган транзитни, жумладан, рақамли технологияларни қўллаш орқали таъминлашда янада мослашувчан ва конструктив бўлишга чақирди.


«Ишончим комилки, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи ҳозирги мураккаб даврда барча иштирокчилар учун фойдали бўлади, агар ЕОИИ аъзолари Иттифоқнинг асосий тамойилларига амал қилсалар. Шу билан бирга, барча мамлакатларга манфаат келтирадиган тараққиёт йўлига киришиш учун миллий манфаатлар ва интеграция жараёнлари ўртасида мувозанатни топиш зарур», — деди Алихон Смаилов.


Янгиликлар

Архив