ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов ва Adani Group компания президенти Гаутам Адани Қозоғистонда бир қатор инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб хабар беради.
Транспорт ва логистика, энергетика, кон-металлургия комплекси, нефт-кимё, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳаларда лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Бош вазир буларнинг барчаси Қозоғистон иқтисодиёти учун устувор йўналишлар эканлигини таъкидлади.
«Бу борада биз Adani Group билан ҳамкорлик катта салоҳиятга эга деб ҳисоблаймиз ва компаниянгизнинг мамлакатимизда бизнес алоқаларини кенгайтириш ниятини олқишлаймиз», – деди Алихан Смаилов.
Республикада янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш, умумий тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратилганини айтди. Бундан ташқари, Ҳукумат Қозоғистонда холдинг лойиҳаларини амалга ошириш учун ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.
Ўз навбатида Гаутам Адани компанияни биринчи навбатда фуқаро авиацияси, нефт-кимё сектори, транспорт ва логистика инфратузилмаси, қайта тикланадиган энергия манбаларини ривожлантириш ва «яшил» водород ишлаб чиқаришдаги лойиҳалар қизиқтираётганини таъкидлади.
«Биз узоқ муддатли сармоя киритишдан манфаатдормиз ва Қозоғистонда қандай имкониятлар ва лойиҳалар умумий қизиқиш уйғотаётганини билишни истаймиз. Биз фаол ишлашга тайёрмиз», - деди Гаутам Адани.
Фото: primeminister.kz