Хитой Ташқи ишлар вазири Қозоғистонга ташриф буюради
7 Июнь 07:04

Хитой Ташқи ишлар вазири Қозоғистонга ташриф буюради

BEIJING. Кazinform - Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Қозоғистонга ташриф буюради. Бу ҳақда душанба куни Хитой Халқ Республикаси ТИВ сайтида маълум қилинди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеубердининг таклифига биноан 6—9 июн кунлари Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши аъзоси, ХХР Ташқи ишлар вазири Ван И Қозоғистонга расмий ташриф билан боради», — дейилади вазирлик баёнотида.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Чжао Лицзянь брифингда Ван Ининг ташрифи Қозоғистон-Хитой музокараларини ўз ичига олишини айтди.

«Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги сиёсий ўзаро ишонч ва прагматик ҳамкорликни янада чуқурлаштиришига ишонамиз», — деди у.

2022 йил бошида Марказий Осиё давлатларининг «Марказий Осиё – Хитой» саммити видеоконференция шаклида бўлиб ўтди. Тадбир якунида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги муносабати билан Қўшма баёнот қабул қилинди.

2021 йилнинг май ойида Сиань шаҳрида (Шэньси провинсияси, Шимолий-Ғарбий Хитой) ташқи ишлар вазирларининг «Марказий Осиё – Хитой» форматидаги иккинчи учрашуви бўлиб ўтди.

Муаллиф: Руслан Сулейменов


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив