Қозоғистон БМТнинг Инсон тараққиёти индексида 51-ўринда
11 Март 08:00

Қозоғистон БМТнинг Инсон тараққиёти индексида 51-ўринда

NUR-SULTAN. Кazinform – ҚР Парламенти Сенатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастурининг Инсон тараққиёти бўйича навбатдаги ҳисоботи тақдим этилди, деб хабар беради Кazinform.

Сенат депутатлари ва БМТ Тараққиёт дастури вакиллари Қозоғистонда инсон тараққиётига кўмаклашиш масалаларини муҳокама қилди.

«Ушбу учрашув мамлакатимиз учун муҳим сана – Мустақиллигимиз ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлганимизнинг 30 йиллигига тўғри келди. Қозоғистон ушбу юбилейга тараққиёт ва барқарор ривожланишнинг яхши кўрсаткичлари билан келди, десак хато бўлмайди. Кенг кўламли ислоҳотлар туфайли иқтисодиётнинг амалдаги ҳажми 2,5 баробар ошди. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот доллар ҳисобида 13 баравар ортиб, мамлакатга Марказий Осиёда сўзсиз етакчиликни таъминлади. Бу мамлакатимизда инсон тараққиётига катта сармоя киритиш имконини берди. Фаол ижтимоий сиёсат орқали Қозоғистонда қашшоқлик даражаси 2011-2020 йилларда 47 фоиздан 5 фоизга камайди. Қозоғистонда 30 йил давомида 1800 та мактаб, 1827 та соғлиқни сақлаш муассасаси қурилди. 2000 йилдан буён мамлакат аҳолиси 4 миллиондан ортиқ кишига ўсди, умр кўриш давомийлиги эса 73 ёшга этди», - деди давра суҳбати давомида Сенат Раиси ўринбосари Ольга Перепечина.

Шу билан бирга, БМТ Тараққиёт дастурининг Қозоғистондаги вакили Якуп Бериш Қозоғистон сезиларли ривожланиш натижаларига эришганини таъкидлади.

«Мамлакат тараққиётда салмоқли натижаларга эришилди, асосий бозор ислоҳотлари амалга оширилди, қашшоқлик камайди, давлат хизматлари кўрсатиш тизими такомиллаштирилди. Бироқ, бу тараққиётни янги глобал, минтақавий ва миллий муаммолар билан мўрт ва олдиндан айтиб бўлмайдиган шароитда сақлаб қолиш муҳим», - деди Якуп Бериш.

Шунингдек, у ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлаб, БМТ ТД бу йўналишда мамлакат ва Қозоғистон халқини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлади.

Тадбир давомида БМТ Тараққиёт дастурининг Европа ва МДҲ минтақавий бюроси бош иқтисодчиси Бен Слей Қозоғистондаги инсон тараққиётининг асосий компонентлари, жумладан, соғлиқни сақлаш, таълим ва муносиб турмуш тарзи бўйича эришган ютуқларини кўриб чиқди. Шарҳга кўра, Қозоғистоннинг Инсон тараққиёти индексининг глобал рейтингдаги ўрни сўнгги 30 йил ичида сезиларли даражада яхшиланган. Қозоғистон ҳар ўн йилликнинг муаммоларига жавоб бериб, инсон тараққиётига фаол етакчилик қилмоқда. Мамлакат Инсон тараққиёти индексини оширишга ва инсон тараққиёти энг юқори даражадаги давлатлар гуруҳига қўшилиб, 189 мамлакат ва ҳудуд ичида 51-ўринни эгаллашга муваффақ бўлди. Умуман олганда, 30 йил давомида Инсон тараққиёти индексининг ўртача йиллик ўсиши 0,6 фоизни ташкил этди.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив