ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов Эрон Ислом Республикасига расмий ташрифи доирасида Эрон Ислом Республикаси Биринчи вице-президенти Муҳаммад Мохбер билан музокаралар ўтказди, дея хабар беради Кazinform Ҳукуматнинг расмий сайтига таяниб.
Томонлар икки томонлама ҳамкорликнинг кенг кўламли масалаларини, жумладан, савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштириш, инвестицияларни жалб этиш, транзит-транспорт соҳасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш, умуман олганда, ўзаро ҳамкорликни ошириш, юк ташиш ҳажми ва бошқа масалаларни муҳокама қилди.
Бош вазир Эрон Қозоғистоннинг Форс кўрфазидаги муҳим савдо-иқтисодий ҳамкори эканини таъкидлади. Унинг таъкидлашича, ўтган йили товар айирбошлаш 20 фоизга ошган ва 528 миллион долларни ташкил этган, Қозоғистон Эронга умумий қиймати 250 миллион доллар бўлган 75 та товар позицияси бўйича экспорт ҳажмини оширишга тайёр.
«Иқтисодий салоҳиятимиз тўлиқ намоён бўлгач, бу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказишимизга ишонаман. Бунинг учун бизда энергетика, транспорт ва логистика, қишлоқ хўжалиги, саноат ва бошқа соҳаларда сезиларли захиралар бор», - дейди Алихан Смаилов.
Унинг сўзларига кўра, ўзаро савдодаги улуши 70 фоиздан ортиқ бўлган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосини ошириш икки томонлама ишбилармонлик алоқаларининг муҳим йўналиши ҳисобланади. Шундай қилиб, қишлоқ хўжалиги айланмасини 1 миллиард долларгача ошириш имконияти мавжуд. Шу билан бирга, Қозоғистон Эрон бозорига буғдой ва арпа, қандолат ва ун, гўшт маҳсулотлари, шунингдек, ўсимлик мойларини етказиб беришга тайёр. Қозоғистон Республикасида мавсумдан ташқари эрта пишадиган сабзавот ва меваларга қизиқиш катта.
Яна бир муҳим йўналиш – маъмурий-техник тўсиқларни бартараф этиш, автомобиль ва темир йўлларни модернизация қилиш, шунингдек, денгиз инфратузилмаси логистика салоҳиятини ошириш орқали халқаро транспорт йўлакларини ривожлантиришдир. Бунда «Шимол-Жануб» транспорт йўлаги, хусусан, «Қозоғистон-Туркманистон-Эрон» йўналиши алоҳида аҳамиятга эга.
«Қозоғистон Ҳукумати давлатлар раҳбарлари томонидан илгари сурилган вазифаларни амалга оширишга ва икки томонлама қўшма ишларни фаол давом эттиришга тайёр», — деди Алихан Смаилов.
Ўз навбатида, Муҳаммад Мохбер Қозоғистон ва Эрон ўртасида иқтисодиётнинг барча жабҳаларида икки томонлама ҳамкорликнинг юқори салоҳиятини қайд этди. Хусусан, саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, туризм ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик истиқболларини таъкидлади.
Биринчи вице-президент шунингдек, юк оқимини ошириш учун минтақавий ва халқаро транспорт йўлакларидан максимал даражада фойдаланишга чақирди.
«Эрон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар ҳамиша ўзаро тушуниш шароитида ривожланган. Сиёсий жиҳатдан муносабатларимиз энг юқори даражада. Ташрифингиз мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий муносабатларни ривожлантиришга туртки бўлишига ишонаман. Шубҳасиз, компанияларнинг ўзаро бизнес алоқаларини янада чуқурлаштириш учун хусусий секторни жонлантиришимиз керак. Қозоғистон компанияларини ҳамкорлигимизни ривожлантиришда фаол иштирок этишга таклиф қиламиз», — деди Моҳаммад Моҳбер.
Музокаралар натижасида томонлар эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича йўл харитасини ишлаб чиқишга тайёр эканликларини билдирдилар.
Шундан сўнг икки томонлама идоралараро ва тижорат ҳужжатлари, жумладан туризм, спорт, ёшлар билан ишлаш ва божхона ходимлари малакасини ошириш бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар, шунингдек, Қуриқ ва Амиробод портлари ўртасида юк ташишни ривожлантириш тўғрисидаги битим имзоланди.
Учрашувдан сўнг Алихан Смаилов ва Муҳаммад Мохбер матбуотга қўшма баёнот берди.
«Очиқ ва ишончли муҳитда биз Қозоғистон-Эрон кун тартибининг асосий мавзуларини муҳокама қилдик. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик юксак даражада муваффақиятли ривожланиб бораётганини мамнуният билан таъкидладик. Биз бир қатор долзарб масалалар юзасидан жуда фойдали фикр алмашдик. Улар, биринчи навбатда, мамлакатларимиз ўртасидаги савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий алоқаларни кенгайтириш билан боғлиқ эди», — деди Алихан Смаилов ОАВга.
Ўз навбатида, Муҳаммад Мохбер ўтган йил якунларига кўра ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ошганига қарамай, бу кўрсаткичлар икки давлат салоҳиятига мос келмаслигини таъкидлади.
«Муҳтарам Бош вазирнинг ташрифи Қозоғистон ва Эрон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини 3 миллиард доллар даражасига кўтаришга катта ҳисса қўшишига ишонаман. Шунингдек, транзит жараёнини фаоллаштириш, илм-фанни талаб қилувчи компаниялар ўртасидаги ҳамкорлик ва туризм соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга келишдик», - деди Моҳаммад Мохбер.