Қозоғистон углерод нейтраллигига эришиш стратегияси устида ишламоқда
2 Июнь 18:29

Қозоғистон углерод нейтраллигига эришиш стратегияси устида ишламоқда

NUR-SULTAN. Kazinform – Президент топшириғига мувофиқ, Қозоғистоннинг 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Экология, геология ва табиий ресурслар вазири Серикқали Брекешев маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Ҳозирда бутун дунё глобал иқлим ўзгариши таҳдидига дуч келмоқда. Иқлим ўзгариши жаҳон энергетика сиёсатига таъсир қилди. Кўмир саноатига иқтисодий босим кучаймоқда. Дунёнинг энг йирик молиявий институтлари яшил технологияларни қўллаб-қувватлади ва кўмир билан боғлиқ лойиҳалардан бутунлай воз кечди. Бу қайта тикланадиган энергия технологияларининг рақобатбардошлигини оширади. Охирги 10 йилда қайта тикланадиган энергетика объектларини қуриш ва улардан фойдаланиш харажатлари 3 баробарга арзонлашди, – деди Серикқали Брекешев Нур-Султанда бўлиб ўтаётган «ECOJER» ІІ Халқаро экологик конгрессида.

Вазирнинг фикрича, мамлакатда қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни ҳар йили кенгайтириш керак.

«Ҳар йили кўпроқ мамлакатлар углерод нейтраллиги ва кўмирдан воз кечиш мақсадини кўзламоқда. Бу ташаббусга Қозоғистон ҳам қўшилди. Бу биз учун асосий вазифа. Бугунги кунда Президентимиз топшириғи билан 2060 йилгача углерод нейтраллигига эришиш стратегияси ишлаб чиқилмоқда. Чиқиндиларни минималлаштириш мақсадида Қозоғистон қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ҳамда биоёқилғи ва водородга ўтишда жиддий ўзгаришларга дуч келмоқда», — деди вазир.

Эслатиб ўтамиз, «ECOJER» ІІ Халқаро экологик конгрессида 2025 йилгача Қозоғистонда 9 та сув омбори қурилиши маълум қилинди.

Мамлакатда сув ресурслари билан боғлиқ масалаларнинг илмий ечимини таъминлаш учун тармоқ илмий-таҳлил маркази ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Муаллиф: Али Ибраев

Янгиликлар

Архив