Қозоғистон Ҳукумати инвестиция сиёсатининг янги концепциясини тасдиқлади
23 Июнь 12:19

Қозоғистон Ҳукумати инвестиция сиёсатининг янги концепциясини тасдиқлади

NUR-SULTAN. Kazinform – Ҳукумат Қозоғистоннинг 2026 йилгача бўлган сармоявий сиёсати концепциясини тасдиқлади, деб хабар беради Kazinform мухбири.

«Президент Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаев топшириғига биноан инвестиция сиёсатининг янги концепцияси ишлаб чиқилди. Мазкур ҳужжат мамлакат иқтисодиётига сармоя киритиш ҳажмининг ошишига сезиларли ҳисса қўшади. Умуман олганда, биз инвестициялар ўсишининг пандемиядан олдинги даражасига етдик. Жорий йилнинг 5 ойида асосий капиталга йўналтирилган инвестициялар ҳажми 2,5 фоизга ошиб, 4,1 триллион тенгени ташкил этди», — деди Бош вазир Алихан Смаилов.

Бош вазирнинг сўзларига кўра, жорий йилда Ақмола вилояти, Чимкент ва Алмати асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларнинг энг юқори ўсиш суръатларини кўрсатмоқда. Туркистон ва Қарағанди вилоятларида бу кўрсаткич сезиларли даражада камайди.

«2021 йил якунларига кўра, Қозоғистонга киритилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар умумий ҳажми ўтган йилга нисбатан 38 фоизга ошиб, қарийб 24 миллиард долларни ташкил қилди. Саноат бўйича тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларнинг энг катта ўсиши саноат, савдо, молия ва суғурта, транспорт ва қурилиш соҳаларида қайд этилди», - деди у.

Алихан Смаилов Қозоғистон тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар учун жозибадор давлат ва Марказий Осиё минтақасида етакчи эканлигини таъкидлади.

«Ҳозирги шароитда биз бу позицияни мустаҳкамлашимиз, хорижий сармояларни жалб қилиш учун фаол иш олиб боришимиз ва инвесторлар учун энг қулай шарт-шароитларни яратишимиз керак. Шунингдек, иқтисодиётнинг нохомашё тармоқларидаги инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш манбаларини кенгайтириш зарур. Бугун таклиф этилаётган Инвестиция сиёсати концепцияси иқтисодий тараққиёт ва аҳоли фаровонлигининг ҳаракатлантирувчи омилига айланадиган янги инвестиция циклининг бошланиши бўлиши керак. Концепцияда 2026 йилда асосий капиталга инвестициялар ҳажмини ялпи ички маҳсулотга нисбатан 25,1 фоизга етказиш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини 25,5 миллиард долларга етказиш бўйича кенг кўламли мақсадли кўрсаткичлар белгиланган. Давлат инвестиция сиёсати сифатли хорижий ва маҳаллий инвестицияларни жалб этиш, иқтисодий фаолликни ошириш ва аҳоли даромадларини ошириш, жумладан, янги доимий иш ўринлари яратишга қаратилган бўлади», — деди Бош вазир.

Ҳукумат аъзолари концепция лойиҳасини ёқлаб овоз берди.

Муаллиф: Марлан Жиембай

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив