Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида чегара вакилларининг фаолият юритадиган участкалари белгиланади

Автор:  
Бекабат Узаков
16 Февраль, 17:10

Қозоғистон ва Қирғизистон ўртасида чегара вакилларининг фаолият юритадиган участкалари белгиланади

ASTANA. Кazinform - Сенат депутатлари ялпи мажлисда «Қозоғистон Республикаси Ҳукумати ва Қирғизистон Республикаси Ҳукумати ўртасида чегара вакиллари фаолият юритадиган участкалар тўғрисидаги баённомани (1:200 000 харита) ратификация қилиш тўғрисида»ги қонунни маъқулладилар, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг ўринбосари – Чегара хизмати директори Ерлан Алдажуманов таъкидлаганидек, протокол қозоқ-қирғиз давлат чегарасида чегара вакилларининг фаолият юритадиган участкаларини белгилашни назарда тутади.

«Ушбу баённома чегара вакиллари фаолияти учун давлат чегарасининг қуйидаги участкаларини белгилайди. Қозоғистон томонидан: Алмати вилояти, Қордай - Жамбил вилоятининг Қордай, Мерке, Шу туманлари. Тараз - Жамбил вилоятининг Жуали, Жамбил ва Рисқулов туманлари. Қирғизистон томонидан Иссиқкўл вилоятида Иссиқкўл, Чуй - Чуй вилоятида, Талас - Талас вилоятида», - деди Ерлан Алдажуманов.

Унинг қўшимча қилишича, мазкур протокол Қозоғистон Ҳукумати ва Қирғизистон Ҳукумати ўртасидаги чегара вакиллари фаолияти тўғрисидаги келишувнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Халқаро алоқалар, мудофаа ва хавфсизлик қўмитасининг хулосасида қайд этилганидек, Протоколнинг ратификация қилиниши икки давлат ўртасида яхши қўшничилик муносабатларини сақлаш, ўзаро манфаатли иқтисодий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга қаратилган мувофиқлаштирилган чегара сиёсатини амалга ошириш ва ҳар бир иштирокчи давлат манфаатларини ҳимоя қилиш имконини беради.

Баённомани ратификация қилишдан кутилаётган натижа Қозоғистон ва Қирғизистон давлат чегарасида ўзаро ҳурмат, ишонч ва тенглик руҳида барқарорликни янада таъминлаш бўлади.

Фото: ҚР МХҚ матбут хизмати

Муаллиф: Серик Сабеков