Қозоғистон ва Озарбайжон ишлаб чиқарувчилари ўртасида 38 миллион долларлик шартномалар имзоланди
10 Июнь 10:32

Қозоғистон ва Озарбайжон ишлаб чиқарувчилари ўртасида 38 миллион долларлик шартномалар имзоланди

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон ишлаб чиқарувчиларининг Озарбайжонда савдо-иқтисодий миссияси бўлиб ўтди, дея хабар беради Kazinform Қозоғистон ТИВ расмий сайтига таяниб.

Йиғилишда озиқ-овқат, кимё ва нефт-кимё маҳсулотлари, фармацевтика, металл прокат ва металлга ишлов бериш, машинасозлик, қурилиш материаллари, IТ соҳаларида фаолият юритаётган 23 та Қозоғистон корхонаси иштирок этди.

Улар орасида экспортни тезлаштириш дастури иштирокчилари ҳам бор эди. Озарбайжонда Қозоғистон бизнеси билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор 100 дан ортиқ компания қатнашди.

Учрашувнинг расмий қисмини Қозоғистон Элчиси Сержан Абдикаримов очар экан, мамлакатда ўтказилган конституциявий референдумнинг аҳамияти, унинг натижалари иқтисодиёт ва миллий тадбиркорликни ривожлантиришга хизмат қилишини, иқтисодиётда очиқ ва адолатли ўйин қоидаларини яратишини таъкидлади.

Шунингдек, у дипломатик муносабатлар ўрнатилган 30 йил давомида «сиёсий, савдо-иқтисодий, энергетика, транзит-транспорт, қишлоқ хўжалиги, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги икки ва кўп томонлама ҳамкорлик тизимли ва кўп қиррали тус олганини» қайд этди.

Иштирокчилар эътиборини Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ҳозирги жаҳон савдо, транзит ва таъминот тизимига тўғри интеграциялашув зарурлигига қаратиб, С. Абдикаримовнинг эслатишича, Озарбайжондаги Қозоғистон Савдо уйи таркибида ТDK-Logistics логистика бўлими фаолият юритади. Шунингдек, у 2022 йилнинг 4-5 июл кунлари Нур-Султан шаҳрида ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтишини маълум қилди ва манфаатдор тадбиркорларни доимий ҳамкорлик платформаси сифатида ташкил этилаётган «Қозоғистон-Озарбайжон ишбилармонлар кенгаши»га аъзо бўлишга чақирди.

«QazTrade» АЖ бош директори Азамат Асқарули ҳозирги шароитда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилаётганини таъкидлади.

«Сўнгги йилларда дунёда минтақавий савдо ривожланмоқда. Каспий минтақаси, биринчи навбатда, Озарбайжон ва Қозоғ,истон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун катта имкониятларга эга. Бундан ташқари, икки давлатнинг Европадан Осиёга транзит ҳудуди сифатидаги роли ортиб бормоқда ва биз нафақат транзит мамлакатлар, балки иқтисодий шериклар сифатида ҳам ички ҳамкорликни чуқурлаштиришимиз мумкин ва керак», — деди у.

Жорий йил бошидан буён икки давлатнинг Каспий денгизидаги денгиз портлари орқали 2021 йилнинг мос даврига нисбатан икки баробар кўп юк ташилди. Йил охирига қадар Каспий денгизи йўналишида ҳаракатланиш олти баробар ошиши кутилмоқда.

«QazTrade» раҳбари бугунги кунда Қозоғистоннинг 80 дан ортиқ компанияси ўз маҳсулотларини Озарбайжонга доимий экспорт қилувчилар эканлигини таъкидлади. Шу билан бирга, Қозоғистондан 272 миллион долларлик 105 турдаги товар, жумладан, металлургия маҳсулотлари, озиқ-овқат ва ичимликлар, машинасозлик ва кимё маҳсулотлари бўйича экспорт ҳажмини ошириш имконияти мавжуд.

Ўз навбатида, Озарбайжон Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш агентлиги бошқаруви раиси Орхан Маммадов 1995-2021 йилларда Озарбайжоннинг Қозоғистоннинг нонефт секторига киритган сармоялари 200 миллион доллардан ортиқни ташкил этганини таъкидлади. Қозоғистоннинг Озарбайжоннинг нонефт секторига киритган сармояси қарийб 100 миллион долларни ташкил этди.

«Мамлакатда фаолият юритаётган 159 та хорижий компания Қозоғистон капиталига эга. Бу компаниялар иқтисодиётнинг саноат, қурилиш, савдо, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва хизмат кўрсатиш каби тармоқларида фаолият юритмоқда», — деди у.

Қозоғистон стандартлаштириш ва метрология институти бош директори Ғабит Мухамбетов, Евроосиё иқтисодий иттифоқи суди судьяси Жолимбет Баишев, Озарбайжон Республикаси Миллий Мажлиси депутати Мушфиг Жафаров ва РwC Евроосиё минтақаси директори Мирза Сокуров ҳам тадбирда сўзга чиқди.

Савдо-иқтисодий миссия доирасида Қозоғистон ишлаб чиқарувчилари ўртасида икки мамлакат миллий компаниялари ва ишбилармон доиралари иштирокида В2В форматида икки томонлама музокаралар, Озарбайжон Республикасининг йирик савдо тармоқлари ва дистрибьюторлари билан учрашувлар ташкил этилди. Натижада умумий қиймати 38 миллион АҚШ долларидан ортиқ 8 та экспорт шартномаси имзоланди. Озарбайжонга Қозоғистон озиқ-овқат маҳсулотлари (кунгабоқар ёғи, гуруч, туз, ёрма ва тайёр овқатлар), металл прокати, кимёвий моддалар ва бўёқларни етказиб бериш бўйича шартномалар имзоланди.

Бундан ташқари, Қозоғистон Стандартлаштириш ва метрология институти ва Озарбайжон Стандартлаштириш, метрология ва патент давлат қўмитаси ўртасида шартнома, шунингдек, «QazTrade» АЖ ва «Ганжа тадбиркорлари» жамоат бирлашмаси ртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.


Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив