ASTANA. Kazinform – Иссиқлик электр станциялари ва электр узатиш линиялари текширувдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда Сенатда «Самарали минтақавий сиёсат – мамлакатнинг барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг асоси» мавзусидаги парламент эшитувида Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
«Мамлакатимизда энергия манбаларининг қувватини ошириш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда. Ўтган йили илк бор янги станциялар қуриш бўйича аукционлар ўтказилди. 2026 йилга келиб, Алмати, Қизилорда, Туркистон ва Улитау вилоятларида умумий қуввати 1700 МВт бўлган мослашувчан генерация манбалари пайдо бўлади. Бундан ташқари, қўшимча қуввати 1300 МВт дан ортиқ бўлган электр станцияларини модернизация қилиш бўйича инвестиция келишувлари ҳам амалга оширилди», — деди Р. Скляр.
Унга кўра, замонавий технологияларни жорий этган ҳолда Экибастуз шаҳридаги янги ГРЕС-3 ни қуриш бўйича йўл харитаси ишлаб чиқилган. «Самуриқ-Энерго» Экибастуз ГРЕС-2 да қўшимча энергия блокларини қуриш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бундан ташқари, Ақсу ГРЕСини кенгайтириш режалаштирилган.
«Ўтган йили қайта тикланадиган энергия манбаларининг умумий қуввати 385 МВт бўлган 12 та объект ишга туширилди. Жорий йилда 276 МВт қайта тикланувчи энергия манбаларига эга 15 та объект ишга туширилади. Натижада қайта тикланадиган энергия манбаларини ишлаб чиқариш улуши 5 фоизгача ошади. 2025 йилга қадар қуввати 757 МВт бўлган қайта тикланадиган энергия манбаларининг 41 лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган», — деди Ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Унга кўра, давлат раҳбари топшириғи доирасида барча иссиқлик электр станциялари ва электр тармоқлари аудитдан ўтказилмоқда. Ушбу кўриб чиқиш жорий йилнинг биринчи чорагида якунланади. Текширув натижаларига кўра тегишли чора-тадбирлар режаси қабул қилинади.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов