Қозоғистонда аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ходимлари иш ҳақи 50 фоизга оширилади
22 Июнь 12:40

Қозоғистонда аҳолига хизмат кўрсатиш марказлари ходимлари иш ҳақи 50 фоизга оширилади

NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноати вазири Бағдат Мусин «Фуқаролар учун ҳукумат» давлат корпорацияси ходимларининг маошлари оширилишини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.

«Бу йил маошни 50 фоизга оширамиз. Иккинчидан, ходимларни рағбатлантиришнинг тегишли тизими мавжуд. Масалан, call-марказнинг бир ходими 100 та, бошқаси эса 10 та мурожаат бўйича хизмат кўрсатиши мумкин. Шу билан бирга, кунига 100 та ариза қабул қилган шахс бошқаларга нисбатан 50% ёки 100% юқори маош олади», - деди Бағдат Мусин.

Шу муносабат билан у Аҳолига хизмат кўрсатиш маркази ходимлари ўртасида кўриб чиқилган мурожаатлар сони бўйича рағбатлантириш тизими мавжудлигига аниқлик киритди.

«Биз ишини тез ва сифатли бажарадиганлар билан ҳужжатларни секин расмийлаштирганларнинг маошини тенглаштирмоқчи эмасмиз. Аҳолига хизмат кўрсатиш марказларининг асосий вазифаси мурожаатларни тез ва самарали кўриб чиқиш ва давлат хизматларини кўрсатишдан иборат. Тегишли рағбатлантириш тизими мавжуд бўлиб, йил якунига кўра бонус берилади», — деди вазир.


Муаллиф: Руслан Ғаббасов


Ўхшаш янгиликлар
Қозоғистонликларнинг ўртача иш ҳақи 312 минг тенгедан ошди – статистика
10 Август 09:22

Қозоғистонликларнинг ўртача иш ҳақи 312 минг тенгедан ошди – статистика

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда жорий йилнинг иккинчи чорагида номинал ўртача иш ҳақи 312 минг тенгедан ортиқни ташкил қилди. Бу ҳақда Миллий статистика бюросининг ҚР Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

«2022 йилнинг II чорагида Қозоғистон Республикаси бўйича номинал иш ҳақининг ўртача қиймати 312 011 тенгени ташкил қилди. 2021 йилнинг мос чорагига нисбатан ўсиш 24 фоизни, реал кўрсаткичда 8,9 фоизни ташкил этди. Иш ҳақининг ўртача қиймати (иш ҳақи диапазонининг марказий даражаси) 2022 йилнинг II чорагида 196 728 тенгега баҳоланди», - дейилади бюро хабарида.

Бир йил ичида энг юқори иш ҳақи ўсиши қурилиш соҳасида кузатилди - 35,5%. Шунингдек, иш ҳақи транспорт ва сақлаш соҳасида – 34,8 фоизга, тоғ-кон саноати ва карьерларни қазиб олиш соҳасида – 28,3 фоизга ошди. Иш ҳақи энг кам кўтарилган тармоқлар: соғлиқни сақлаш ва аҳолига ижтимоий хизмат кўрсатиш - 12,1%, турли хизматлар - 3,9%.

Ҳудудлар кесимида ойлик иш ҳақи энг кўп Қизилўрда вилоятида – 31,3 фоизга ошди. Энг паст ўсиш Нур-Султан шаҳрида кузатилди - 14,2%, реал кўрсаткичларда (нархларнинг ўсишини ҳисобга олган ҳолда) 0,1 фоиз пунктга пасайиш кузатилди.

Қозоғистонда компьютер дастурлаш хизматлари ҳажми бир йилда 42,2 фоизга ошди
9 Август 22:29

Қозоғистонда компьютер дастурлаш хизматлари ҳажми бир йилда 42,2 фоизга ошди

NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистонда жорий йилнинг биринчи чорагида компьютер дастурлаш хизматлари, шунингдек, консалтинг ва бошқа тегишли хизматлар ҳажми, иқтисодиётнинг кузатилмаган секторини ҳисобга олмаганда, рекорд даражадаги 139,6 миллиард тенгени ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даври билан солиштирганда 42,2 фоизга кўп, деб хабар беради Kazinform Ranking.kz сайтига асосланиб.

Соҳада хизматлар ҳажмининг ўсиши кетма-кет тўққизинчи йил давом этмоқда. Хизматлар ҳажмининг ярмидан кўпи биргина Алмати шаҳрига тўғри келди: 75,8 миллиард тенге. Бу 2021 йилнинг биринчи чорагига нисбатан 2,3 баробар кўп. Пойтахт 51,5 миллиард тенге ҳажми билан кейинги ўринда туради.

Соҳадаги хизматлар таркибида энг катта ҳажм тўғридан-тўғри дастурий таъминотни ишлаб чиқишга тўғри келди: 58,5 миллиард тенге, йил давомидаги ўсиш – 12,6 фоиз.

Тезкор Интернетнинг Қозоғистондаги ривожланиш истиқболлари қандай
8 Август 12:13

Тезкор Интернетнинг Қозоғистондаги ривожланиш истиқболлари қандай

NUR-SULTAN. Kazinform - «Рақамли Қозоғистон сари» халқаро форумида Қозоғистоннинг рақамли марказ сифатида ривожланиши таҳлили, Интернетга кенг полосали уланишни ривожлантириш учун норматив-ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, ушбу хизматлар бозорида рақобатни ривожлантириш чораларини кўриш ва кенг полосали уланишни ривожлантириш миллий режасини амалга оширишнинг бошқа муҳим йўналишлари кўриб чиқилди.

Тадбир Қозоғистон Республикаси Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги томонидан Huawei Technologies Kazakhstan ва ADT компаниялари кўмаги ва иштирокида ташкил этилди. Ушбу форумнинг мақсади АКТ соҳаси олдига қўйилган мақсадларга эришиш йўлларини биргаликда белгилаш ва Қозоғистоннинг рақамли иқтисодиётини жадал ривожлантиришдан иборат.

IDC халқаро тадқиқот ва консалтинг ташкилоти томонидан тайёрланган мустақил тадқиқот натижаларига кўра, уй стационар кенг полосали уланиш тизимида шаҳарларда 28 фоиз ва қишлоқ жойларда 18 фоиз толали уланишлар улушига тўғри келади. Қишлоқ ва шаҳарларда мос равишда 37% ва 35% билан DSL технологиялари муҳим улушга эга.

Қозоғистонда инфратузилма ва кенг полосали интернет хизматларини модернизация қилиш билимга асосланган ахборот иқтисодиётини барпо этишнинг ажралмас элементи, шунингдек, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва жамият ва бизнес учун янги имкониятлар очиб беришга хизмат қилувчи омил сифатида давлат эътиборида. Кенг полосали уланишни жадаллаштиришга эришиш бўйича юқори даражадаги чора-тадбирлар мамлакатнинг рақобатбардошлигини ошириш ва барқарор ўсиш эҳтимолини ошириш имконини беради.



«БМТ 2011 йилда Интернетга кириш ҳуқуқи инсоннинг ажралмас ҳуқуқи эканлигини тан олди. Мақсадимиз мамлакатдаги рақамли тафовутни бартараф этишдир. Соҳамиз Қозоғистоннинг рақамли трансформациясида етакчи ўринни эгаллайди ва биз, ҳеч ким каби, жадал рақамли қайта қуриш, барча соҳаларда янги рақамли бизнес моделларини яратиш зарурлигини тўлиқ англаб олишимиз керак. Аммо рақамли иқтисодиётнинг глобал муаммоларини ҳал қилиш фақат уч томон: тартибга солувчилар, телекоммуникация операторлари ва алоқа хизматларидан сўнгги фойдаланувчиларнинг яқин ҳамкорлигида мумкин бўлади», - дейди ҚР Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири ўринбосари Оразбек Асхат ўз нутқида.

Рақамли ривожланиш вазирлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда мамлакатда 6459 та аҳоли пункти, жумладан, 118 та шаҳар ва 5214 та қишлоқ аҳоли пункти мавжуд бўлиб, уларга ADSL, FttN, 3G ва 4G технологияларидан фойдаланган ҳолда интернетга кенг полосали уланиш хизматлари кўрсатилмоқда. Қозоғистонликларни 250 дан ортиқ аҳоли яшайдиган барча аҳоли пунктларида Интернетга кенг полосали уланиш хизматлари билан таъминлаш учун давлат 250+ дастурини ишлаб чиқди. 2020 йил якунига кўра 5332 та аҳоли пункти кенг полосали мобил уланиш хизматлари билан қамраб олинди, бу эса Қозоғистон аҳолисининг 99,3 фоизини кенг полосали уланиш билан таъминлаш имконини берди. Айни пайтда алоқа соҳаси 2021 йилда тасдиқланган «Рақамлаштириш, фан ва инновациялар орқали технологик ютуқ» миллий лойиҳасига кўра, фуқароларни 100 фоиз сифатли интернет ва 95 фоиз уй-жойларни кенг полосали тармоқлар билан таъминлаш энг муҳим мақсадни қўймоқда.

«Рақамли иқтисодиёт тобора тезлашиб бормоқда. Бир қатор мустақил эконометрик тадқиқотларга кўра, кенг полосали Интернетга кириш кўрсатгичининг ошиши ЯИМ ўсишини 1,3% га ошириши мумкин. Юқори тезликдаги интернет, булутли технологиялар ва ақлли ечимлар илғор имкониятлари туфайли кўплаб соҳаларда ютуқ яратади. Масалан, бугунги кунда ақлли ечимлар бозори 30 фоизга ошди, бу эса иқтисодиётнинг барча тармоқларини рақамли трансформация қилиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин», — дейди Huawei Eurasia компанияси вакили Ма Сяо.

Янгиликлар

Архив