ASTANA. Kazinform – Қозоғистоннинг 14 вилоятида ишлаб чиқариш саноати ҳажми ошди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Миллий иқтисодиёт вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Жақсилиқов маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
«Қайта ишлаш саноатида ижобий ўсиш суръати сақланиб қолмоқда. Ишлаб чиқариш ҳажми 1,6 фоизга ошди. 14 та ҳудудда ижобий ўсиш кузатилди. Энг юқори ўсиш Қизилорда, Алмати ва Шимолий Қозоғистон вилоятларида кузатилди», — деди Т. Жақсилиқов Ҳукуматнинг бугунги мажлисида.
Ишлаб чиқариш саноати тармоқларида машинасозлик ишлаб чиқариш 12,1 фоизга, шу жумладан автомобиллар ишлаб чиқариш 27,5 фоизга, ҳисоблаш машиналари ва ускуналари ишлаб чиқариш 29,6 фоизга ошди.
Қуйидаги тармоқларда ҳам ўсиш кузатилмоқда: озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 9,8 фоиз, нефтни қайта ишлаш маҳсулотлари – 11,1 фоиз, кимё саноати – 10,6 фоиз, ичимликлар ишлаб чиқариш – 33,2 фоиз, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш – 51 фоиз, енгил саноат – 11,3 фоиз.
«Тоғ-кон саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 1,2 фоизга ошиб, сўнгги 4 ойда биринчи марта ижобий ўсишни кўрсатди. Шу билан бирга, кўмир қазиб олишдан ташқари, ишлаб чиқариш индекси барча кўрсаткичлар бўйича ўсди. Хусусан, бошқа фойдали қазилмаларни қазиб олиш 7,6 фоизга, металл рудаларини қазиб олиш 3,7 фоизга, нефт қазиб олиш 1 фоизга, газ қазиб чиқариш 0,1 фоизга, тоғ-кон саноатида хизматлар кўрсатиш ҳажми 0,2 фоизга ўсди», - дейди Тимур Жақсилиқов.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон иқтисодиёти январ ойида 5,6 фоизга ўсган. Улар орасида реал секторда ўсиш 2,3 фоизни, хизмат кўрсатиш соҳасида эса 7,6 фоизни ташкил этди.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи