Қозоғистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун 2 триллион тенгегача маблағ ажратилмоқда
15 Декабрь 13:32

Қозоғистонда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш учун 2 триллион тенгегача маблағ ажратилмоқда

NUR-SULTAN. Кazinform – Нур-Султанда «Қозоғистон соғлиқни сақлаш – Мустақилликка 30 йил» конференцияси бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Унда Бош вазир ўринбосари Ерали Тоғжанов, Соғлиқни сақлаш вазири Aлексей Цой, вазирликка қарашли муассасалар раҳбарлари ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида хизмат кўрсатган арбоблар иштирок этди.

– Шу йиллар давомида Ҳукуматимиз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Давлат буджетининг соҳадаги харажатлари 1991 йилдаги 6 миллион тенгедан 2021 йилда 2 триллион тенгега кўпайди. Мустақиллик йилларида республикамизда 5 мингдан ортиқ ижтимоий объект барпо этилган бўлса, шундан 1,5 мингга яқини соғлиқни сақлаш муассасаларидир, – деди Ерали Тоғжанов қутлов сўзида.


Бош вазир ўринбосари шифокорларга коронавирус инфекциясига қарши курашдаги қаҳрамонликлари учун миннатдорлик билдириб, пандемия мамлакатни ўз вакциналари, дори воситалари ва тиббий асбоб-ускуналар билан таъминлаш муҳимлигини кўрсатганини таъкидлади.

«Биз ўз олдимизга улкан мақсадни қўйганмиз – 2025 йилга келиб маҳаллий ишлаб чиқарилган дори воситалари ва тиббиёт буюмлари улушини мавжуд 17 фоиздан 50 фоизга ошириш. 2021-2025 йилларга мўлжалланган «Соғлом миллат» миллий лойиҳаси қабул қилиниб, унинг доирасида дори воситалари ва тиббиёт буюмларини ишлаб чиқариш бўйича 30 та янги корхона ташкил этилади», — деди у.


Унинг сўзларига кўра, кўрилган чора-тадбирлар аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш сифати ва ундан фойдаланиш имкониятларини оширди.

Ўз навбатида, A.Цой мустақиллик йилларида миллий соғлиқни сақлаш тизимида жиддий ўзгаришлар рўй берганини таъкидлади.

«Елбасы «Саломатлик йили» деб эълон қилган 2002 йилни бошланиш нуқтаси деб атади. Ўша йили мамлакатимизда биринчи марта аҳоли ўртасида оммавий сўров ўтказилди, унинг натижалари зудлик билан аёллар ва болалар саломатлигига эътибор қаратиш зарурлигини кўрсатди. Қозоғистон МДҲда янги туғилган чақалоқларни гепатитга қарши эмлашни жорий етган биринчи давлат бўлди», — деди вазир.



Соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришда асосий эътибор бирламчи тиббий-санитария ёрдамининг мавжудлиги ва сифатига қаратилмоқда. Бугунги кунда мамлакатда 7 мингта амбулатория-поликлиника ташкилоти фаолият юритмоқда. Биргина жорий йилнинг ўзида 63 оилавий поликлиникалар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 2026-йилгача яна 500 та бирламчи тиббий – санитария ёрдами пунктларини очиш режалаштирилган

Муаллиф: Aзамат Сиздиқбаев


Янгиликлар

Архив