Қозоғистоннинг бир йўла иккита қўриқхонаси ЮНЕСКО глобал тармоғига қўшилди
16 Июнь 21:34

Қозоғистоннинг бир йўла иккита қўриқхонаси ЮНЕСКО глобал тармоғига қўшилди

NUR-SULTAN. Kazinform – «Бурабай» давлат миллий табиат боғи ва «Марқакўл» давлат қўриқхонаси ЮНЕСКО биосфера резерватларининг глобал тармоғига қўшилди. Бу ҳақда Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Маълумотларга кўра, 13-17 июн кунлари Париж шаҳрида бўлиб ўтаётган ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» дастури Халқаро мувофиқлаштирувчи кенгашининг 34-сессияси доирасида «Бурабай» миллий боғи (Ақмола вилояти) ва Марқакўл давлат қўриқхонасини (Шарқий Қозоғистон) ЮНЕСКО биосфера резерватлари глобал тармоғига киритиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Сессияда Қозоғистон Республикасининг ЮНЕСКО ва ИСЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси, Қозоғистон Республикасининг ЮНЕСКОдаги доимий ваколатхонаси дипломатлари, Инсон ва биосфера миллий қўмитаси раиси Роман Яшченко ва унинг ўринбосари Виктория Ильина иштирок этди.

Президент администрацияси раҳбари Айбек Дадебаев ушбу мақомнинг афзалликлари ҳақида сўзлаб берди.

«Янги мақом атроф-муҳит масалалари бўйича халқаро қарорлар қабул қилишда иштирок этиш, илмий-тадқиқот ва амалий ишларни ривожлантириш, экологик таълим ва кадрлар тайёрлаш асосларини шакллантириш имконини беради», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда Қозоғистонда 15 та объект ЮНЕСКО биосфера резерватлари миллий тармоғига киритилган.

Глобал биосфера резерватлари тармоғи 131 мамлакатда жойлашган 738 та биосфера резерватларини ўз ичига олади.

Янгиликлар

Архив