ҚР Бош вазири: Янги концепция қишлоқ иқтисодиёти салоҳиятини кенгайтириш имконини беради

Редактор:  
Бекабат Узаков
16 Январь, 21:15

ҚР Бош вазири: Янги концепция қишлоқ иқтисодиёти салоҳиятини кенгайтириш имконини беради

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов раислигида ўтказилган йиғилишда Астана яқинидаги аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича соҳа концепциялари ва комплекс режаси лойиҳалари муҳокама қилинди.

Бу ҳақда Kazinform Ҳукумат расмий сайтига таяниб хабар беради.

Миллий иқтисодиёт вазири Алибек Қуантиров Астана шаҳри яқинидаги аҳоли пунктларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш комплекс режасида 2025 йилгача мактаблар, болалар боғчалари, автомобил йўллари, газ, иссиқлик, электр энергияси, сув таъминоти ва дренаж тармоқларини қуриш, саноатни ривожлантириш ва фуқароларга спорт ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш ва ҳоказолар кўзда тутилганлигини маълум қилди.

Бош вазир таклиф этилаётган Комплекс режа лойиҳасини республика бюджет комиссияси маъқуллаганини инобатга олган ҳолда қўллаб-қувватлашини билдирди.

Шунингдек, йиғилишда Миллий иқтисодиёт вазири Қозоғистон Республикасининг 2023-2027 йилларда қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини тақдим этди.

Унга кўра, қишлоқ жойларда ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини (мактаб, шифохона, интернет, сув ҳавзалари ва бошқалар) модернизация қилиш, қишлоқ аҳолисининг тадбиркорлик йўли билан даромадларини ошириш, шахсий ёрдамчи ва кооперативларни ривожлантириш ва ҳ.к. чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Концепция Давлат раҳбарининг тегишли Фармони ҳамда Сайловолди дастурини амалга ошириш мақсадида қишлоқни ободонлаштириш услублари самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш сифатини яхшилаш ва қишлоқларда яшаш учун қулай шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Шунингдек, кенгашда республика ёқилғи-энергетика комплексини 2026 йилгача ва электроэнергетикани 2032 йилгача ривожлантириш концепциялари лойиҳалари кўриб чиқилди.

Бош вазир тавсия ва огоҳлантиришларни инобатга олган ҳолда уларни тайёрлаш бўйича топшириқ берди.

Фото: primeminister.kz




Мавзуга оид