ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги субсидиялашнинг янги механизмини ишлаб чиқмоқда
27 Июнь 08:37

ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги субсидиялашнинг янги механизмини ишлаб чиқмоқда

NUR-SULTAN. Kazinform – ҚР Қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Қарашўкеев Шарқий Қозоғистон вилоятига иш сафари чоғида субсидияларнинг янги механизмини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

Вазир Солнечное қишлоғидаги «Мойли уруғчилик тажриба хўжалиги» масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан танишди, ўқув маркази, 1200 бошли сут-товар фермаси, корхона селекция ютуқлари кўргазмаси, ишчи-хизматчилар учун қурилаётган турар-жой мажмуасида бўлди.

Фермерлар билан суҳбатда вилоятда баҳорги дала ишлари белгиланган муддатларда муваффақиятли якунлангани, шунингдек, «Кен дала» дастури бўйича форвард харидлари ва имтиёзли кредитлар ҳажми ортгани таъкидланди. Айни пайтда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда субсидиялашнинг янги механизми ишлаб чиқилмоқда.

«2022-2024 йилларга мўлжалланган Шарқий Қозоғистон вилоятида агробизнес соҳасида 34 та инвестиция лойиҳаси, шунингдек, уларни амалга ошириш учун муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини амалга ошириш режалаштирилган», - деди вазир.

Бундан ташқари, Е.Қарашўкеев жорий йилда Қозоғистон агросаноат мажмуасини қўллаб-қувватлаш учун 310 миллиард тенгедан ортиқ субсидиялар ажратилганини, жумладан, ўсимликчилик – 80 миллиард тенге, чорвачилик – 100 миллиард тенге, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш – 8,4 миллиард тенге, молиявий воситалар - 120,4 миллиард тенге ажратилишини таъкидлади.

Умуман олганда, маҳаллий агросаноат мажмуи барқарорлигини таъминлаш мақсадида агросаноат субъектларини молиялаштиришга қўшимча 298,1 миллиард тенге, жумладан, соҳани субсидиялаш учун 139 миллиард тенгедан ортиқ маблағ йўналтирилди.


Ўхшаш янгиликлар
Қозоғистоннинг Японияга от гўшти экспорт қилувчи компаниялар сони 43 тага етди
4 Август 14:06

Қозоғистоннинг Японияга от гўшти экспорт қилувчи компаниялар сони 43 тага етди

NUR-SULTAN. Kazinform - Японияга от гўштини экспорт қила оладиган Қозоғистон корхоналари сони ортди. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

«Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Япония Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирлиги ўртасидаги икки томонлама фаол ҳамкорлик натижасида тегишли келишувга эришилди. Шу муносабат билан Қозоғистоннинг яна 9 та гўштни қайта ишлаш корхонаси Японияга от гўшти экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлган корхоналар қаторига қўшилди», — дейилади вазирлик хабарида.

Жумладан, «Kaindy» МЧЖ (Алмати вилояти), «ASEM-ZHETYSU» МЧЖ (Алмати вилояти), «Meat processing Complex Bizhan» МЧЖ (Ақмола вилояти), «Asyl-Asyl» (Атирау шаҳри), «Kuanysh» ХТ ( Атирау шаҳри), «Birlestic» МЧЖ (Қарағанди вилояти), «EURASIA INVEST LTD» МЧЖ (Қарағанди вилояти), «ARAY KZ» МЧЖ (Қарағанди вилояти), «BEEF EXPORT GROUP» МЧЖ (Қостанай вилояти) корхоналари учун эндиликда Япония бозори очиқ.

«Бугунга қадар Қозоғистоннинг 34 та корхонаси ушбу рўйхатга киритилган эди. Шундай қилиб, бугунги кунда жами 43 та маҳаллий гўштни қайта ишлаш корхоналари ўз маҳсулотларини Япония ҳудудига экспорт қилишлари мумкин», — дейилади агентлик хабарида.


Ўтган йилда Қозоғистонда жун экспорти 3,8 баробар ошди
3 Август 20:50

Ўтган йилда Қозоғистонда жун экспорти 3,8 баробар ошди

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистон сўнгги йилларда жун экспортини сезиларли даражада оширмоқда. Бу ҳақда ҚР Бош вазири ўринбосари – Савдо ва интеграция вазири Бақит Султанов маълум қилди, деб хабар беради Kazinform.

«Жунга экспорт божи 2023 йил 30 апрелгача бекор қилинганини қайд этамиз. Масалан, ўтган йили экспорт қилинган жуннинг умумий ҳажми 3,8 баробар ошиб, 7 минг тоннани ташкил этди (Хитой ва Россия). Қозоғистонда фаолият юритаётган 10 та корхонадан 4 таси майин жунни қайта ишлаш имкониятига эга, қолганлари этик фабрикаларидир. Бундан ташқари, йирик жунни қайта ишлаш мақсадида «KazFeltec» МЧЖнинг Ақтўбе вилоятида қуввати 3 минг тонна бўлган лойиҳани амалга ошириш бошланди. Умумий қуввати 154 тонна калава ва 465 минг квадрат метр газлама бўлган оқ жунни қайта ишлаш бўйича «Шымкент Кашемир» ва «ПОШ Тараз» каби 2 та салоҳиятли лойиҳалар мавжуд. Умуман олганда, соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари 2021-2025 йилларда тадбиркорликни ривожлантириш миллий лойиҳаси доирасида амалга оширилади», — деди Бақит Султанов.

Унга кўра, тадбиркорлик фаолиятини энди бошлаган тадбиркорлар учун охирги қарз олувчига 6 фоиз ставкада имтиёзли микрокредит бериш режалаштирилган (кредитнинг максимал миқдори инвестициялар учун 20 миллион тенге ва иш ҳақини тўлдириш учун 5 миллион тенге). Етарли гаров таъминоти мавжуд бўлмаган тақдирда, кредит суммасининг 85 фоизигача кафолатланади. Шу билан бирга, 5 миллион тенгегача бўлган кредитлар учун гаров талаб қилинмайди.

«Агросаноат мажмуи субъекти харажатларининг бир қисмини ана шундай инвестиция лойиларини амалга оширишда субсидиялаш тамойиллари доирасида янги корхоналар қуриш ва мавжудларини модернизация қилиш мақсадидаги қишлоқ хўжалиги ҳайвонларининг жун ва терисини бирламчи қайта ишлаш корхоналари харажатларини жорий йил давомида қоплаш назарда тутилган. Бундан ташқари, субсидиялаш тамойиллари доирасида жунни қайта ишлаш станцияси учун асбоб-ускуналар сотиб олиш харажатларининг 25 фоизигача бўлган қисмини қоплаш назарда тутилган», — деди ҳукумат раҳбари ўринбосари.


Қозоғистонда қишлоқларни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади
2 Август 14:56

Қозоғистонда қишлоқларни ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилади

NUR-SULTAN. Kazinform – Қозоғистонда қишлоқ аҳоли пунктларини ривожлантириш концепцияси лойиҳаси 1 октябрга қадар ишлаб чиқилиши керак. Бу ҳақда ҚР Бош вазири Алихан Смаилов Ҳукумат йиғилишида маълум қилди, дея хабар бермоқда Kazinform.

Бош вазир Миллий иқтисодиёт, Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирликларига тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда миллий лойиҳа кўрсаткичлари ва тадбирларининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлашни топширди.

«Иккинчидан, Миллий иқтисодиёт вазирлиги тегишли давлат органлари ва вилоятлар ҳокимликлари билан ҳамкорликда 1 октябрга қадар қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқсин. Учинчидан, вилоят ҳокимликлари кўчиб келувчиларни миллий лойиҳа кўрсаткичларига мувофиқ қабул қилиш, жойлаштириш ва қўллаб-қувватлашни таъминласин», — деди Алихан Смаилов.

Таъкидлаб ўтамиз, айни пайтда ҳудудлар ўртасидаги тафовутни камайтириш мақсадида «Кучли ҳудудлар – мамлакат тараққиётининг драйвери» миллий лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Янгиликлар

Архив