NUR-SULTAN. Кazinform – Давлат раҳбари Парламент Мажилиси раиси Ерлан Қошановни қабул қилди, дея хабар беради Кazinfornm Ақорда расмий сайтига таяниб.
Мажилис раиси Президентга депутатларнинг аҳоли билан учрашувлари якунлари ҳақида маълумот берди. Мажилис депутатлари ҳудудларда бўлиб, бўлажак референдум ва Конституцияга киритиладиган ўзгартиришларнинг аҳамиятини тушунтиришди.
Депутатлар ҳар куни 250 тагача тадбир ўтказдилар. Меҳнат жамоалари, бозорлар, ижтимоий соҳа объектлари ва олис аҳоли пунктларида ўтказилган учрашувларда аҳоли билан очиқ фикр алмашишга алоҳида эътибор қаратилди. Умуман олганда, фуқаролар таклиф этилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаб, референдумда иштирок этишга тайёр.
Референдумни тушунтириш кампаниясида АMANAT партияси ҳам иштирок этди. Республика ва вилоят штаблари, барча бўғиндаги маслихатлардаги фракция депутатлари, партия ёшлар қаноти фаол ишламоқда.
Ташриф чоғида Мажилис депутатлари аҳолини ўйлантираётган долзарб масалалар юзасидан очиқ фикр алмашди. Кўтарилган барча масалалар тизимлаштирилади ва тасдиқланган алгоритмга мувофиқ Ҳукумат билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Ерлан Қошанов Қасим-Жомарт Тоқаевга палатанинг қонунчилик фаолияти ҳақида ҳисобот берди. Хусусан, сессия бошлангандан буён 64 та қонун лойиҳаси маъқулланиб, 51 таси кўриб чиқилмоқда. Давлат раҳбари топшириқлари доирасида ишлаб чиқилган қонун лойиҳалари шулар жумласидандир.
Президентга Ҳукумат ва Ҳисоб қўмитасининг ўтган йилги республика буджети харажатлари тўғрисидаги ҳисоботини жамоат эшитишига, шунингдек, сув ресурслари масалалари бўйича Парламент эшитувига тайёргарликнинг бориши ҳақида маълумот берилди.
Мажилис раиси Президентга парламент дипломатияси соҳасидаги ишлар фаоллаштирилгани ҳақида маълумот берди. Хусусан, май ойида Қозоғистон ва Қирғизистон парламентларининг халқаро ишлар ва мудофаа бўйича тармоқ қўмиталари қўшма мажлиси Жамбил вилоятининг Кордай қишлоғидаги чегара постида бўлиб ўтди. Учрашувда Евроосиё иқтисодий иттифоқи доирасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни, транспорт-логистика ва божхона тартибларини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Июн ойида депутатлар Арманистонда бўлиб ўтадиган КХШТ Парламент Ассамблеяси Кенгаши ва Қирғизистонда Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеяси Кенгаши йиғилишларида иштирок этиши кутилмоқда. Ушбу учрашувларда қонун чиқарувчи ҳокимият ва сайлов бошқаруви органлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболлари муҳокама қилинади.