TÚRKİSTAN. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев ҳар йили Марказий Осиё давлатларидан бирида парламентлараро форум ўтказишни таклиф қилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
«Ишончим комилки, парламентлараро форум Парламент аъзоларининг тизимли фаолияти учун самарали ва натижали платформа бўла олади. Умид қиламизки, ташаббус бир марталик тадбир бўлмайди. Биз ҳар йили Марказий Осиё давлатларидан бирида парламентлараро форум ўтказишни тавсия қиламиз. Унинг нафақат мамлакатимиз пойтахтларида, балки халқимиз учун муқаддас ва маданий-тарихий аҳамиятга эга бўлган бошқа шаҳарларда ҳам ўтказилаётгани муҳим», — деди Маулен Ашимбаев Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форумида.
«Шу муносабат билан Ўзбекистон томонига ва Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Камол қизи Норбоевага келгуси йилда иккинчи форумни Самарқандда ўтказишга тайёр бўлгани учун самимий миннатдорлик билдираман. Ушбу ташаббусни қўллаб-қувватлаганингиз учун сизга катта раҳмат», — деди Сенат раиси.
Шунингдек, Маулен Ашимбаев Туркистон декларацияси лойиҳасида кўп томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари белгилаб берилганини айтди. Мазкур ҳужжат бугун форум якунлари бўйича қабул қилинди.
Сенат Спикерининг таъкидлашича, Марказий Осиё халқларининг маданий-гуманитар ҳамкорлиги, умумий маданий-маънавий меросни асраб-авайлаш ва тарғиб қилиш муҳим устувор йўналиш сифатида қаралмоқда.
«Жорий йилнинг январ ойида Бишкекда қозоқ ва қирғиз зиёлиларининг форуми бўлиб ўтди ва унда мен ва Нурланбек Турғунбекули қатнашдик. Ушбу тадбир қирғиз халқининг буюк сиймоси, жаҳон маданияти ва адабиётига беқиёс ҳисса қўшган Чингиз Айтматов таваллудининг 95 йиллигига бағишланди. Ш. Айтматов атоқли ёзувчи, жамоат арбоби ва дипломат сифатида Марказий Осиё бирлиги ғояларини тарғиб қилган. Бугун буюк адиб ғояларини рўёбга чиқариш учун янги имкониятларга эгамиз. Халқларимиз ўртасидаги маданий-маънавий алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида форум доирасида бундай зиёлилар учрашувларини ўтказишни муҳокама қилсак бўлади», — дейди Маулен Ашимбаев.
Аввал хабар қилинганидек, Туркистонда Марказий Осиё давлатларининг биринчи парламентлараро форуми бўлиб ўтди.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Марказий Осиё давлатлари парламентлараро форуми иштирокчиларига табрик мактуби йўллади.
Фото: primeminister.kz
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи