Люксембургда Қозоғистон-Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади
20 Июнь 11:04

Люксембургда Қозоғистон-Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтади

BRUSSELS - NUR-SULTAN. Kazinform – Душанба куни Люксембургда Қозоғистон-Европа Иттифоқи ҳамкорлик кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтади, дея хабар беради Kazinform мухбири.

Европа Кенгаши маълумотларига кўра, Люксембургда Франция ташқи ишлар вазири Кетрин Колонна ва ҚР Бош вазири ўринбосари – Қозоғистон ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди раислигида Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги ҳамкорлик кенгашининг 19-йиғилиши бўлиб ўтади.

Томонлар Европа Иттифоқи ва Қозоғистон ўртасидаги Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги келишув доирасидаги ишлар ҳолати ва кейинги қадамларни муҳокама қилади. Шундан сўнг сиёсий, иқтисодий ва савдо масалалари (жумладан, ички ислоҳотлар, қонун устуворлиги ва инсон ҳуқуқлари, минтақавий савдо) ва ҳамкорлик бўйича фикр алмашилади.

Делегациялар минтақавий, халқаро воқеалар ва ҳамкорлик, жумладан, хавфсизлик масалаларига ҳам тўхталади.

Келишув 2020 йил 1 мартда кучга кирган, уни Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ва Европа парламенти ратификация қилди.

Келишув Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар ўртасида Қозоғистон билан савдо ва инвестицияларни осонлаштириш, адлия ва ички ишлар, иқтисодий ва молиявий ҳамкорлик, энергетика ва транспорт, атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши, бандлик ва ижтимоий сиёсат, маданият, илмий-тадқиқот ишлари каби муҳим соҳаларда ҳамкорликни ривожлантиради ва мустаҳкамлайди.

Муаллиф: Арнур Рахимбеков

Ўхшаш янгиликлар

Янгиликлар

Архив