ASTANA. Кazinform – Қозоғистон Бош вазири Алихан Смаилов раислигида бўлиб ўтган сув хўжалиги кенгаши йиғилишида 2023-2025 йилларга мўлжалланган сув хўжалигини ривожлантириш комплекс режаси лойиҳаси кўриб чиқилди, дея хабар беради Кazinform.
Комплекс режада Сув кодексининг янги таҳририни ишлаб чиқиш, сув ресурслари ва сув хўжалиги масалалари илмий марказини ташкил этиш, сувдан фойдаланишни тартибга солишнинг иқтисодий механизмларини амалга ошириш, сув хўжалиги инфратузилмасини ривожлантириш ва бошқа тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.
Хусусан, Ақмўла, Ақтўбе, Алмати, Жамбил, Шарқий Қозоғистон ва Қарағанди вилоятларида 8 та янги сув омбори қуриш, 16 та шикастланган сув омборини реконструкция қилиш режалаштирилган. Бу қўшимча сув ҳажмини тўплаш, 124 аҳоли пунктида сув тошқини хавфини камайтириш ва 170 минг гектардан ортиқ янги суғориладиган ерларни муомалага киритиш имконини беради.
Бундан ташқари, суғориш каналларини реконструкция қилиш, магистрал ва хўжаликлараро каналларни автоматлаштириш, шунингдек, сув ресурсларини бошқариш тизимини рақамлаштириш режалаштирилган бўлиб, бу сув исрофгарчилиги ва ортиқча сарфни сезиларли даражада камайтиради.
«Келгуси уч йил ичида биз иқтисодиёт ва фуқароларимиз учун энг самарали бўлган долзарб муаммоларни ҳал қилишимиз керак. Аввало, юқори натижалар берадиган ва сув иншооти хавфсизлигини таъминлайдиган устувор лойиҳаларни танлашимиз керак, улар биринчи навбатда реконструкция қилиниши керак», — деди Алихан Смаилов.