ASTANА. Кazinform – Қозоғистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазирлиги Миграция қўмитаси раиси вазифасини бажарувчи Иляс Испанов этник миграцияни тартибга солиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида маълум қилди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
«Хорижда яшаётган этник қозоқларнинг салоҳияти ва имкониятларидан фойдаланиш зарур. Шу мақсадда Американинг «Грин карта»сига ўхшаш «Ата Жолы» картасини жорий этиш тавсия этилади. Бу ҳужжат ўз мамлакатларида бизнес-кейсларни муваффақиятли амалга оширган ва уларни Қозоғистонда амалга оширишга тайёр бўлган юқори даражадаги мутахассислар ёки этник қозоқларга берилади», — деди Иляс Испанов Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган матбуот анжуманида.
Шу билан бирга, Меҳнат вазирлиги томонидан ҳар йили ўтказиладиган «Парыз» кўрик-танлови доирасида ватандошларни тарихий ватан равнақига қўшган ҳиссаси учун Президент мукофоти билан тақдирлаш таклифи берилди.
«Мамлакатга келаётган ватандошларнинг миграциясини тартибга солиш механизмларини такомиллаштириш зарур. Яъни, мамлакатдаги демографик ва иқтисодий тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ҳужжатларни тайёрлашнинг дастлабки босқичида ватандошларнинг ишчи кучи етишмайдиган ҳудудларга жойлашиши учун қўшимча моддий рағбатлантириш чораларини кўриш тавсия этилади», — деди қўмита вакили.
Вазирлик маълумотларига кўра, 1991 йилдан буён Қозоғистонга 1 миллион 105,7 минг этник қозоқ келган.
2022 йил 1 декабр ҳолатига кўра, ўз тарихий ватанига келиб, ватандош мақомига эга бўлган қозоқлар сони 17 888 нафарни ташкил этади.
Йил бошидан буён Қозоғистонга келганларнинг ярмидан кўпи (63,5%) Ўзбекистондан, 8,6% ХХРдан, 9,1% Туркманистондан, 4,9% Мўғулистондан, 9,9% Россиядан, 4 % бошқа мамлакатлардан..
Жорий йилнинг 1 декабр ҳолатига кўра, меҳнатга лаёқатли этник қозоқлар улуши 59,4 фоизни, меҳнатга лаёқатли ёшдан кичиклар 26,9 фоизни, пенсионерлар 13,7 фоизни ташкил этди.
Муаллиф: Айжан Серикжанқизи