Тошкентда «Абай сўзи» ҳужжатли фильми намойиш этилди

Редактор:  
Ляззат Сейданова
22 Декабрь, 12:35

Тошкентда «Абай сўзи» ҳужжатли фильми намойиш этилди

TASHKENT. UzA- Kazinform – Тошкентда Кинематографлар уйида таниқли ўзбек режиссёри Шуҳрат Маҳмудовнинг «Абай сўзи» ҳужжатли фильми намойиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.

Ўзбекистон Кинематография агентлиги матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур ҳужжатли фильм буюк шоир, қозоқ мумтоз адабиётининг асосчиси Абай Қунанбоев ҳаёти ва ижодига бағишланган.

«Ҳужжатли фильм намойишида Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси, ЎР Қозоқ миллий-маданий маркази вакиллари, ижодкор зиёлилар ва Ўзбекистонда истиқомат қилаётган қозоқ диаспораси ва ёшлари иштирок этди», – дейди ЎР Қозоқ миллий маданият маркази раиси Серикбай Усенов.

Маълумки, Шарқ шоирлари ва олимлари инсонпарварлик ғояларига содиқ бўлиб, Абай дунёқарашининг шаклланишига таъсир кўрсатган. Булар Фирдавсий, Алишер Навоий, Низомий, Физулий, Ибн Сино ва бошқалар каби мутафаккирлар ҳамда рус классикаси, умуман Европа адабиёти асарларидир. Абай ижоди нафақат қозоқ халқининг, балки бутун туркий дунёнинг бойлиги эканлигига шубҳа йўқ.

Фильм намойиши аввалида икки қардош халқнинг тарихий илдизлари яқинлиги, улар ўртасидаги дўстлик ришталари тобора мустаҳкамланиб бораётгани ҳақида сўз юритилди.

Фото: ЎзА



Мавзуга оид