TASHKENT. UzA-Kazinform – 2023 йил 22-28 май кунлари Тошкент шаҳрида «Евроосиё» театр санъати фестивали бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.
Фестиваль Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Евроосиё» халқаро театр санъати фестивалини ўтказишни ташкил этиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ ташкил этилади.
Ўзбекистон Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Театр артистлари уюшмасининг мазкур фестивални ўтказиш бўйича таклифи ҳукумат қарори билан маъқулланди ва ҳужжатга кўра, мазкур халқаро театр санъати фестивали ҳар икки йилда бир марта Тошкент шаҳрида ўтказилади.
Фестиваль ижодий тажриба алмашиш имконини беради ва янги истеъдодларни кашф этишга хизмат қилади. Анжуман доирасида турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлаш, жаҳон миқёсида ижодий ҳамкорлик кўламини кенгайтиришга хизмат қилаётган саҳна санъатининг бугунги жараёнлари муҳокама этилади.
Бундан ташқари, фестиваль доирасида илмий-амалий анжуманлар ўтказиш режалаштирилган.