Тошкентда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича минтақавий ваколатхонасини очиш таклифи билдирилди

Автор:  
Жарасқан Нұрыбаев
24 Май, 21:21

Тошкентда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича минтақавий ваколатхонасини очиш таклифи билдирилди Фото: UzA

TASHKENT. UzA-Kazinform – Ўзбекистон Республикаси Табиат ресурслари вазири Азиз Абдуҳакимов ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади билан учрашди. Учрашувда Табиат ресурслари вазирлиги ҳамда ЮНЕСКО ўртасидаги экологик таълим, табиий меросни бошқариш соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Учрашув давомида «яшил» иқтисодиётга босқичма-босқич ўтиш, рақамлаштириш тизими, экологик таълим ва маданиятни жорий этиш, ходимлар ва мутахассислар салоҳиятини ошириш ҳамда бу борада хорижий тажрибани қўллаш муҳимлиги қайд этилди. Ўзбекистоннинг атроф-муҳит ҳолати ва табиий ресурслардан фойдаланиш тўғрисида миллий маърузасини ишлаб чиқиш, миллий экологик ва табиий мерос рўйхатларини тузиш масаласи муҳим экани таъкидланди.

Шу билан бирга, Тошкентда БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича минтақавий ваколатхонасини очиш таклифи билдирилди. Бундан ташқари, Оролбўйи минтақасида Орол маданий мерос боғи инновацион лойиҳасини тузиш, маданий мерос объектларига ташриф буюрувчилар марказларини ташкил этиш, иқлим ўзгаришининг олдини олиш бўйича стратегик аҳамиятга эга дастурларни ишлаб чиқиш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ҳаво, сув ва экологик таълим масалаларида олиб борилаётган изчил ишлар икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини жадаллаштиришда муҳим ҳаракатланувчи механизм эканлиги айтилди.

Учрашув якунида жорий йилнинг октябрь ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши режалаштирилаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаб қолишга доир Конвенциянинг (CMS) 14-Томонлар конференцияси (COP-14)ни ҳамкорликда ташкил этишга келишиб олинди.



Мавзуга оид