TASHKENT. UzA-Kazinform – Жиддий тайёргарлик кўрилган, йирик ишбилармон ва тадбиркорларни бир майдонда бирлаштирган Иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми қизғин давом этмоқда, дея хабар беради Kazinform UzA агентлигига таяниб.
Ялпи мажлисда 28 шўъба йиғилиш ва давра суҳбатлари, қатор йирик инвестицион келишув ва савдо шартномаларини имзолаш маросимлари, бизнес оламига доир долзарб мавзулар, хусусан, инвестиция сектори, молиявий институтларни рақамлаштириш, замонавий пул-кредит сиёсати бўйича мунозаралар кутилмоқда.
150 дан ортиқ спикер – етакчи халқаро компания, фондлар раҳбарлари, таниқли иқтисодчилар, экспертлар инвестиция оламидаги тенденция, «яшил» энергетикани ривожлантириш истиқболи, электрон тижорат ва халқаро даражадаги иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга доир долзарб масалаларни муҳокама қилишади.
Ялпи мажлисда Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад Сулаймон Ал-Жассир Ўзбекистонда инвесторларга берилган имтиёзлар юқори даражада эканини қайд этди. Инвесторлар олдида турган ноаниқлик муаммосини ҳал қилиш – катта иш. Президент нутқида айни шу хавотирларга асос йўқлиги таъкидланди. Охирги олти йил давомида иқтисодий ўсиш кўрсаткичи олти фоизга чиққани ҳам салмоқли натижа экани эътироф этилди.
Шундан сўнг Қирғизистон Президенти Администрацияси раҳбари – Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров, БМТ бош котиби ўринбосари Ольга Алгаерова сўзга чиқди.
ТХИФ-2023 АҚШ, Европа Иттифоқи, Жануби-Шарқий Осиё, МДҲ ва Яқин Шарқ давлатлари, Буюк Британия, Туркия, Хитой, Ҳиндистон, Мисрдан 2500 нафар иштирокчини тўплади. Қиёслаш учун, ўтган йил 1,5 минг киши қатнашганини келтириш мумкин.
Жараённи 200 га яқин ОАВ вакиллари ёритиб боряпти. Уларнинг ярми хорижликлар.
G2G, G2B ва B2B форматли учрашувларда устувор лойиҳалар, истиқболдаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинади.
Фото: UzA