TÚRKİSTAN. Кazinform – Бугун Туркистондаги «Буюк дашт эли» марказида «Ясавий антологияси» китоблар туркуми тақдимоти бўлиб ўтди, деб хабар беради Кazinform мухбири.
Хожа Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети профессори Досаи Кенжетайнинг айтишича, «Ясауий антологияси» китоблар туркуми 9 китобдан иборат. Қадимий шаҳарлар, тарихда чуқур ўрин қолдирган инсонлар, пайғамбарлар, авлиёлар, ҳатто ислом тарихида ўз номини қолдирган кишиларнинг исмлари ҳам бор. Шунингдек, Хожа Аҳмад Яссавийнинг маънавий-ахлоқий тарбияси, маърифий фаолияти, ижодий-тарихий асарлари таҳлили, асослари ва фалсафий билимлари ўрин олган.
Китоб тақдимотида зиёлилар вакиллари, Хожа Аҳмад Ясавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университети ўқитувчилари, ижодкор олимлар, таълим ва маданият соҳаси ходимлари, ёшлар иштирок этди.
Тадбирда Туркистон вилояти ҳокими ўринбосари Бейсенбай Тажибоев мамлакат маънавияти яна бир хазина билан бойитганини алоҳида қайд этиб, ушбу китоб ёш олимлар учун муҳим восита эканини таъкидлади.
«Бугун Туркистонни туркий дунёнинг маънавий-маданий марказига айлантириш йўлида хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан туркий дунёнинг маънавий пойтахтида миллий ва халқаро тадбирлар ўтказилади», — деди Бейсенбай Даулетули.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Туркистонда Ясавий музейи қурилмоқда. Музейда аллома ва унинг шогирдларининг хорижий мамлакатлардаги асарлари намойиш этилади. Бу бино авлодни эзгуликка, илм-маърифатга йўналтирувчи бетакрор меъморий объект бўлади.
Фото: Туркистон вилояти ҳокими матбуот хизмати
Муаллиф: Қайрат Зайнишев