Уй-жой кутаётган қарийб 1000 га яқин қарағандилик бу йил уй-жойли бўлади

Редактор:  
Ляззат Сейданова
1 Сентябрь, 07:38

Уй-жой кутаётган қарийб 1000 га яқин қарағандилик бу йил уй-жойли бўлади

QARAǴANDY. Kazinform – Жорий йилда Қарағанди вилоятида уй-жой кутаётган 1 мингга яқин киши уй-жой олади. Улар орасида 200 нафар кўп болали оналар ҳам бор. Шунингдек, хусусий қурилиш учун ер участкалари тайёрланмоқда, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Ҳудудий коммуникациялар хизмати майдонида ўтказилган брифингда уй-жой қурилиши суръатлари ҳақида Қурилиш, архитектура ва шаҳарсозлик бошқармаси бошлиғи Қайрат Қамзин маълумот берди.

Вилоятда «Нурли жер» давлат дастури доирасида бир неча йўналишда уй-жой қурилиши изчил давом эттирилмоқда. Улар аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун ижарага бериладиган квартиралар ва турар-жой биноларидир.

«Харид қилиш ҳуқуқисиз квартиралар Қарағанди, Приозерск, Саран, Темиртау, Шахтинск шаҳарларида, шунингдек, Абай, Ақтоғай, Буқар Жирау, Қарқарали, Нура, Осакаров ва Шет туманларида қурилади.

Вилоятда янги уй-жойлар қуриш билан бирга бўш турган уй-жойларни тиклаш тажрибасидан фойдаланилмоқда. Ҳозир Доскей қишлоғи, Шашубай қишлоғи ва Ақтоғай туманида уйлар таъмирланмоқда», - деди Қайрат Қамзин.

Унинг таъкидлашича, йил охиригача 4 та кредит уйи (учтаси Қарағанди ва биттаси Темиртауда) фойдаланишга топширилади. Бундай турар-жой бинолари Балқаш ва Шахтинск шаҳарларида ҳам қурилмоқда.

Етти ойда вилоятда 254,8 минг квадрат метр уй-жой фойдаланишга топширилди. Бу 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 фоизга кўпдир.

Бошқарма бошлиғининг сўзларига кўра, 1 минг 200 ер участкаси инфратузилма билан таъминланади. Қарағанди, Темиртау, Балқаш, Саран, Шахтинск шаҳарлари ва Букар Жирау туманида ишлар олиб борилмоқда. Ушбу ишлар тугаллангач, аҳоли ўз уйларини қуришни бошлашлари мумкин.

Муаллиф: Агата Мухамеджанова



Мавзуга оид