Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг қотили ақли расо деб топилди

Автор:  
Нұрлан Тұяқов
10 Январь, 15:53

Япония собиқ бош вазири Синдзо Абэнинг қотили ақли расо деб топилди

TOKYO. Kazinform - Ўтган йилнинг ёзида собиқ бош вазир Синдзо Абэни отиб ўлдирган япониялик ишсиз Тецуя Ямагами ўтган йилнинг июл ойидан буён ўтказилаётган мажбурий психиатрик текширувдан сўнг ақли расо деб топилди. Шу муносабат билан у ёпиқ тиббиёт муассасасидан Нара шаҳридаги полиция қамоқхонасига ўтказилди, деб хабар беради Kazinform TBS каналига таяниб.

Ямагами 13 январгача қотиллик ва ноқонуний қурол сақлашда айбланиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 8 июл куни собиқ денгиз флоти зобити Япониянинг асосий Хонсю ороли жануби-ғарбидаги Нара шаҳри кўчаларидан бирида сайловолди ташвиқоти митингида сўзлаб турган собиқ бош вазир Абэни орқасидан келиб ўққа тутди. Отишма содир этган шахс ўлдирилган сиёсатчининг қўриқчилари томонидан жиноят жойида қўлга олинди ва ҳибсга олинди.

Сўроқ пайтида у собиқ бош вазир «Бирлашув черкови» диний ташкилоти билан алоқаси борлигига ишончи комил бўлгани учун ўлдирганини айтди. Унинг онаси ушбу тузилманинг фанатик тарафдори бўлиб, деярли бутун бойлигини унга бағишлаган ва бу оилани банкротликка олиб келган. Кейинги текширувлар шуни кўрсатдики, ўз издошларидан катта миқдорда пул ундиришда айбланаётган Бирлашув черкови Япониянинг ҳукмрон Либерал-демократик партиясининг кўплаб аъзолари билан алоқада бўлган. Айни пайтда Бирлашув черкови тергов остида.

Синдзо Абэ олган жароҳатлари туфайли бирнеча соатдан сўнг касалхонада вафот этди.

Фото: The Yomiuri Shimbun/via REUTERS