Ўзбекистон ДХХ: «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган

Редактор:  
Бекабат Узаков
6 Январь, 16:15

Ўзбекистон ДХХ: «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаган

TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон Давлат хафсизлик хизмати «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситалари расмий баёнот билан чиқди. Бу ҳақда Kazinform UzAга таяниб хабар беради.

Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг Тергов бошқармаси томонидан «Quramax Medikal» МЧЖ ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул шахсларига нисбатан Жиноят Кодексининг 1863-моддаси 4-қисми «а» банди билан қўзғатилган жиноят иши бўйича ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ҳиндистон давлатида ишлаб чиқарилган «Док-1 МАКС» ва «Амбронол» дори воситаларининг ножўя таъсири оқибатида, ҳозирга қадар «ўткир буйрак етишмовчилиги» ташхиси билан даволанган бемор болалар ҳаётдан кўз юмган.

«Quramax Medikal» МЧЖ томонидан Ўзбекистонга импорт қилинган ушбу препаратлар «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ томонидан лаборатория синовларидан ўтказилган ҳамда уларга мувофиқлик сертификатлари расмийлаштирилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида аниқланишича, «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖ масъул ходимлари томонидан меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат талаблари қўпол равишда бузилиб, ушбу дори воситалари белгиланган тартибда лаборатория синовларидан ўтказилмаганлиги натижасида, сифатсиз препаратларнинг сотувга чиқарилишига йўл қўйилган.

Жиноят иши доирасида «Quramax Medikal» МЧЖнинг 2 нафар раҳбар ходимлари ҳамда «Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази» МЧЖнинг 2 нафар масъул ходимлари гумонланувчи шахслар сифатида ДХХ Тергов ҳибсхонасига тегишли тартибда жойлаштирилган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида «Quramax Medikal» МЧЖ томонидан Ҳиндистон давлатидан Ўзбекистонга импорт қилинаётган дори воситаларининг божхона назоратидан ўтказилиши тўхтатилди ҳамда мамлакат дорихоналаридаги бундай препаратларнинг асосий қисми йиғиб олинди. Ҳозирда бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.

«Quramax Medikal» МЧЖга тегишли дори воситаларини Ўзбекистонда белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилганлиги ҳамда соғлиқни сақлаш тизимидаги мутасадди ходимларнинг ушбу ҳолат бўйича амалга оширган ҳаракатларини текшириш юзасидан зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда», - дейилади баёнотда.

Фото: UzA



Мавзуга оид