TASHKENT. Kazinform - 2023 йилнинг 24-26 апрель кунлари Тошкент шаҳридаги «Ўзекспомарказ» МКК майдонида учинчи бор минтақа саноати ривожланиши учун муҳим бўлган тадбир - «ИННОПРОМ. Марказий Осиё» кўргазмаси бўлиб ўтади, деб хабар беради Kazinform xs.uzга таяниб.
24 апрель куни барча меҳмонлар учун кириш бепул. Кўргазмада халқаро саноат компаниялари ҳамда МДҲ мамлакатлари ишлаб чиқарувчилари жамоавий миллий стендлари билан иштирок этади.
Очиқ экспозиция учун алоҳида майдон ажратилган бўлиб, унда МДҲ давлатларининг йирик ишлаб чиқарувчиларининг қишлоқ хўжалиги ва транспорт техникаси намуналари намойиш этилади.
Тадбир дастурига мувофиқ 24 апрель куни махсус лойиҳа – ИННОПРОМ университети бўлиб ўтади. Унда Ўзбекистондаги талабалар ва ёш мутахассислар аудиторияси учун етакчи университетлар ва саноат компаниялари томонидан тайёрланган маърузалар ва семинарлар ўтказилади.
Халқаро кўргазма доирасида учрашувлар ва технологик турлар ҳам режалаштирилган.
Фото: Халқ сўзи