Ўзбекистоннинг 5 та аэропортида Tax Free тизими жорий этилди

Редактор:  
Ляззат Сейданова
4 Январь, 08:12

Ўзбекистоннинг 5 та аэропортида Tax Free тизими жорий этилди

TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистоннинг бешта аэропортида Tax Free иш бошлади. У ерда хориж фуқаролари сотиб олинган товарлар учун ҚҚС (қўшилган қиймат солиғи) суммасини қайтариши мумкин, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Uzbekistan Airports матбуот хизмати хабарига кўра, 2 январ куни Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона ва Урганч аэропортларида Tax Free хизмати шохобчалари расман очилди.

Tax Free тизимига кўра, хорижий фуқаролари Ўзбекистонда чакана савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлардан айрим турдаги товарларни харид қилганда ушлаб қолинган ҚҚС суммаси хорижий фуқароларга қайтарилади. Кешбэк тўланадиган товарлар рўйхати Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 8 ноябрдаги қарорида белгиланган. Улар сувенирлар, ёнғоқ турлари, мева ва қуритилган мевалар, чарм ва жун маҳсулотлари, гиламлар, тўқимачилик ва бошқа нарсалардир.

Таъкидланишича, ҚҚС тўловини қайтариш учун «Солиқ» мобил иловасида рўйхатдан ўтиш ва у орқали харидлар учун олинган чекларни сканерлаш лозим. Аэропортдан жўнаб кетаётганда йўловчи рейсга рўйхатдан ўтиши, сўнгра Tax Free хизматига бориб, бортга чиқиш талони ва товарнинг ўзини кўрсатиши керак. Рўйхатдан ўтган товарларни қўл юкида ташиш учун қолдириш ёки рўйхатдан ўтиш жойига қайтиб, багаж сифатида рўйхатдан ўтказиш мумкин.

Tax Free хизматидан фойдаланиш учун сотиб олинган товарларнинг умумий суммаси 1 миллион сўмдан юқори бўлиши лозим. Бундан ташқари, маҳсулот очилмаган ва ишлатилмаган бўлиши керак. Солиқ қўмитаси ходимлари товарларни текшириб, кешбэкни расмийлаштирадилар. Кешбек йўловчининг картасига расмийлаштирилади ва рўйхатдан ўтган ойдан кейинги ойнинг 25-кунидан кейин тўлаб берилади.

Муаллиф: Мадибек Жанибеков

Фото: t.me/uzbairportsuz


Мавзуга оид