ATYRAÝ. Kazinform – Жорий йилда Атирау шаҳрида 2610 ўринли 9 та болалар боғчаси фойдаланишга топширилади. Ҳозирда болалар боғчаси қурилиши якунланди, деб хабар беради Kazinform.
Вилоят таълим бошқармаси бошлиғи Гулнар Садуахасованинг таъкидлашича, вилоятда 319 мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, уларда 42 минг 895 нафар бола тарбияланмоқда.
Уларнинг 252 таси давлат, 67 таси хусусий болалар боғчасидир.
«Мактабгача таълим муассасаларидан 151 таси болалар боғчаси, 101 таси кичик марказдир. Уларда 38 минг 884 нафар бола таълим-тарбия олади. Хусусий мактабгача таълим муассасалари сони 67 та, жумладан, 58 та болалар боғчаси ва 9 та кичик марказлардир. Хусусий муассасалардаги контингент 4011 нафар болани ташкил этади», – дейди Гулнар Садуахасова.
Унинг таъкидлашича, боғча навбатини тўлиқ бартараф этиш мақсадида 2025 йилгача вилоятда 56 та мактабгача таълим муассасасини фойдаланишга топшириш режалаштирилган.
«Ҳозир Атирау шаҳрида умумий сиғими 2610 ўринга мўлжалланган 9 та болалар боғчаси қурилиши якунланди, ҳужжатлар тайёрланмоқда. Кейин фойдаланишга топширилади. Янги боғчалар Атирау шаҳрининг Самал, Береке, Батис Береке, Ақжар-2, Еркинқала-2 кичик туманларида ҳамда Абилқайр хан, А.Байтурсинов, Белинский, Бейбарис кўчаларида жойлашган. Бу боғчаларнинг барчаси 290 ўринга эга», – дейди Гулнар Садуахасова.
Ўтган йили Атирау вилоятида болалар боғчаси билан қамров кўрсаткичи 82 фоизни, мактабгача таълим билан таъминлаш 100 фоизни ташкил этди.
Муаллиф: Бек Мустафа
Фото: ҳудудий алоқа хизмати