ASTANA. Kazinform – 2023 йилда 5 миллион гектар ер давлат мулкига қайтарилади. Бу ҳақда ҚР Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
«Овулларни яқин 5 йилга ривожлантириш концепцияси ишлаб чиқилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш йўналишида комплекс ишлар амалга оширилмоқда. 2022 йилда қишлоқ хўжалигида юқори ўсиш суръатлари кузатилди, маҳсулот ишлаб чиқариш умумий ҳажми 9 фоизга ошди. Кейинги 10 йилда ғалладан энг юқори ҳосил олдик»
, - деди Р. Склар.
Унинг таъкидлашича, 5,2 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерлари давлат ихтиёрига ўтказилди. 2023 йилда яна 5 миллион гектар ер қайтарилади.
«Бундан ташқари, умумий сиғими 201 минг тонна бўлган сабзавот сақлаш омбори ишга туширилди. Озиқ-овқат хавфсизлиги режаси ва шакар саноатини ривожлантиришнинг комплекс режаси қабул қилинди. Натижада озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 4 фоизга ошди»
, - деди Ҳукумат раҳбарининг биринчи ўринбосари.
Бундан ташқари, «Овул – мамлакат бешиги» лойиҳасини амалга ошириш натижаларига тўхталди.
«Ўтган даврда (2019-2022 йиллар) 326 миллиард тенге маблағ ажратилиб, 4 мингга яқин лойиҳа амалга оширилди. Бу, ўз навбатида, 334 та турар-жой ва коммунал уйларни, 1,2 мингта ижтимоий инфратузилма объектини ва 2 мингта транспорт инфратузилмаси лойиҳасини модернизация қилиш имконини берди. Кейинги йилларда жами 1031 овул махсус лойиҳалар билан қамраб олинди. «Овул – мамлакат бешиги» лойиҳаси бўйича 736 овулга 1,5 мингдан ортиқ лойиҳага 143 миллиард тенге маблағ ажратилди. 119 та турар-жой ва коммунал объектлар, 275 та ижтимоий инфратузилма объектлари ва 1000 та транспорт инфратузилмалари лойиҳалари модернизация қилинади»
, - деди Р. Скляр.
Муаллиф: Руслан Ғаббасов