ASTANA. Kazinform - Жорий йилнинг уч ойида 1,4 миллион қозоғистонлик хорижий мамлакатларга саёҳат қилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 66 фоизга кўп (2022 йил январm-март ойларида – 845,2 минг киши). Бу ҳақда Kazinform Миллий статистика бюросига таяниб хабар беради.
Айни вақтда Қозоғистонга 1,1 миллион сайёҳ келган. Бу кўрсаткич 2022 йил январь-март ойларига нисбатан 3,9 баробар кўп (2022 йил январь-мартда 293,2 минг киши).
Ички туризмга келсак, жорий йилнинг дастлабки уч ойида 1,3 миллион киши (2022 йилда – 1,1 миллион киши) республика ҳудудларига саёҳат қилган.
Қозоғистонда 3848 туристик турар жой мавжуд. Ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан уларнинг сони 92 тага кўпайган. Шу билан бирга, хизмат кўрсатилган дам олувчилар сони 1,5 миллион кишини ташкил этди.
Курорт зоналарида 703 мингдан ортиқ киши дам олди. Январь-март ойларида турар жой бинолари томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 43,1 миллиард тенгени ташкил этди, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 64,8 фоизга юқори.